Мардлар қўриқлайди Ватанни (+видео)
Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округининг Какайди гарнизонидаги ҳарбий қисмда “Чақирилувчи куни” машғулотлари бўлиб ўтди.
“Мард аскар – ёшларга намуна” ғояси асосида ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилоятининг туманлари ва Термиз шаҳридан жорий йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшлар иштирок этди.
Мудофаа вазирлиги ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ёшларнинг Ватанга садоқат, юртга муҳаббат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлаш юзасидан кенг қамровли ишларни олиб бормоқда. Ҳарбий қисм ва муассасалар ҳудудида ўқувчилар учун “Очиқ эшиклар куни”, экскурсиялар, учрашув ва суҳбатлар ташкил этилиб, улар ўқув марказлари ва дала-ўқув майдонларида жанговар тайёргарлик бўйича ўтказилаётган амалий машғулотларда иштирок этаётир.
Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 33 йиллиги нишонланадиган йилда анъанавий ўтказилиши белгиланган “Чақирилувчи куни” машғулотлари ҳам ёшлар, айниқса, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи йигитлар учун ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирлар комплексини янада такомиллаштиради. Уларнинг фуқаролик бурчини, ҳарбий хизмат жозибадорлиги ва нуфузини оширишга, Ватанни ҳимоя қилиш ҳамда Қуролли Кучларимиз сафида шарафли хизмат қилишга тайёрлаш ва бундан фахрланиш туйғусини юксалтиришга хизмат қилади. Буюк ҳарбий анъаналаримизни сақлаб, ёшларни ҳарбий қисмларда ҳарбий хизматчиларга яратилган ижтимоий-маиший шароитлар билан яқиндан таништиради.
Сайёрамизнинг турли ҳудудларида юз бераётган қуролли можаролар ва қарама-қаршиликлар, янги таҳдид ва хатарлар шароитида ёшларни юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўмаклашиб, уларнинг онгу шуурида тинч, тотув ва тўкин ҳаётни кўз қорачиғидек асрашнинг улуғ неъмат эканини чуқур ҳис этишига ёрдам беради.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи ўринбосари, подполковник Давронбек Абдураҳимов ва бошқалар осуда, обод мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тинчлигимиз посбонларига кўрсатилаётган эътибор ва “Чақирилувчи куни” машғулотининг бўлғуси Ватан ҳимоячиларини тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги барча куч тузилмаларининг масъул ҳарбий хизматчилари ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматчилар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар тўғрисида маълумотлар берди.
[gallery-21166]
– Чақирилувчилар учун ташкил этган бу тадбиримиз ўқувчи-ёшларда ҳарбий хизмат ва уни ўташнинг ҳуқуқий асосларига оид билимлари ҳамда бошланғич ҳарбий тайёргарлик даражасини оширишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир, – дейди Какайди гарнизонидаги ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, майор Ихтиёр Чориев. – Шунингдек, ёшларда ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни оширади, жисмоний қобилиятини, маънавий сифатлари ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиради. Ватанни ҳимоя қилиш, уни кўз қорачиғидек асрашнинг буюк неъмат эканини чуқур англаб, ҳарбий хизматга, маънавий-руҳий тайёргарлигини оширади.
Бундай улуғвор мақсадга эришиш учун барча шароитларга эга ҳарбий қисмда ёшларнинг танишув майдонига айланган “Қуролли Кучлар павильони” ташкил этилди. “Чақирилувчи павильони”да муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ҳамда контракт бўйича ҳарбий хизматга чақириш тартиби, қоидалари, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш тартиби ва талаблари, яъни, жисмоний тайёргарлик ва умумтаълим тайёргарлик даражаси бўйича талаблар, хизмат якунлангандан сўнг бериладиган имтиёзлар билан танишиш имконияти яратилди. “Жанговар тайёргарлик павильони”да ўқув автоматини қисмларга ажратиш ва йиғиш бўйича амалий меъёрларни бажариш ҳамда ўқ отиш қоидаларини ўргатиш учун ўқув-машқ мажмуи зарур техник ва кўргазмали воситалар билан жиҳозланди. Ҳудудда амалиёт машғулотлари учун газ ниқоб кийиш, алоқа воситаларини созлаш ва улардан фойдаланиш бўйича машғулотлар, шунингдек, ўқ отиш қуролларини кўрсатишда ўқув нуқталари ташкил этилди. “Моддий таъминот павильони” яратилиб, ҳарбий кийим, анжом ва жиҳозларнинг намуналари жойлаштирилди. Ҳарбий хизматчилар учун овқатланиш рационлари, жумладан, қуруқ (қуритилган) овқатлар кўргазмаси ўтказиладиган жой ҳозирланди. “Психологик ишлар павильони”да психологик юкламаларни ечиш ва руҳий барқарорлаштириш бўйича қўшинларда олиб борилаётган тадбирларни амалий тарзда кўрсатиб бериш, ўқувчи-ёшлар билан жамоавий жипсликни шакллантириш, уларда етакчилик қобилиятини ривожлантиришга қаратилган психотренинг ва тимбилдинг машғулотлари, ўйинлар ўтказиш учун барча қулайлик муҳайё этилди. Маданият маркази биносида ташкил этилган “Маданият павильони” ва “Буюк аждодлар павильони” муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг ҳарбий хизмат жозибадорлигини оширишда, ҳарбий хизматчиларнинг миллий ва жанговар руҳини мустаҳкамлашда маданият ва санъатнинг роли ҳамда шу йўналишда олиб борилаётган ишлар, буюк саркардаларимизнинг давлат ва ҳарбий санъат тараққиётига қўшган улкан ҳиссалари ҳақида етарли маълумот олиш учун барча имконият яратилди.
Иштирокчиларнинг павильонларда назарий ва амалий машғулотларини сифатли ўтказиши учун улар кичик гуруҳларга бўлиниб, командирлар тайинланди. Билим ва маҳоратлари тегишли тартибда баҳолаб борилди.
– Бугун мен учун жуда қувончли кун бўлди, – дейди қумқўрғонлик муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи Феруз Жўраев. – Ҳарбий қисмда тенгдошларим билан Ватанга хизмат қилишнинг назарий ва амалий машғулотларини ўтадим. Киндик қоним тўкилган тупроқни асраб-авайлашнинг мазмун-моҳиятини янада теран англадим. Қизиқарли спорт беллашувлари, қуролни ёйиш ва йиғиш мусобақаси, психологик тренинг машғулотларида фаол қатнашиб, ҳарбий ҳаётга кўникмамни мустаҳкамладим. “Буюк аждодлар павильони”даги улуғ саркардаларимиз, “Адиблар хиёбони”даги жадид боболаримиз тўғрисидаги маълумотлар ҳам менда катта қизиқиш уйғотди. Буларнинг барчаси муддатли ҳарбий хизмат бурчимни янада самарали бажаришимда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир ҳарбий қисм маданият марказида ҳарбий оркестр жамоасининг Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари, ҳарбий бахшилар ижро этган достонлардан парчалар ва қизиқарли термалар билан якунланди. Машғулотларда фаол иштирок этган ва мусобақаларда ғолиб бўлган ёшлар ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/jgBayrLoiYs" title="Mardlar qo‘riqlaydi Vatanni" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири