Мақсад – китобхонликни янада ривожлантириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 31 октябрь – 4 ноябрь кунлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтадиган “INFOLIB UZBEKISTAN – 2022” XI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ҳамда “TASHKENT BOOK FEST – 2022” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркасига доир матбуот анжумани ташкил этилди.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғайрат Бозоров юртимизда китобхонликни ривожлантириш бўйича кўплаб маърифий тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
“Китобхон миллат” шиори остида ўтказиладиган ушбу ҳафталик бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ахборот-кутубхона марказларида ташкил этилади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси умумий фонди 7 миллион 715 мингдан ортиқ нусха нашрни ташкил этмоқда. Шундан 6 миллион 963 мингдан ортиқ нусха китоб босма нашрларни, 752 минг 92 нусхасини электрон шаклдаги адабиётлар ташкил қилади.
Бугунги кунда кутубхоналар фаолиятида катта ижтимоий ўзгаришлар юз бермоқда. Кутубхона имижини кўтариш, ўқувчининг маънавий қиёфасини ўзгартириш, ижтимоий салоҳиятини ошириш, жамоатчилик орасида кутубхоналар мавқеини кўтариш бўйича талай ишлар амалга оширилмоқда. Кутубхона соҳасини ривожлантиришга оид қатор ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йилдаги тегишли қарорида белгиланганидек, алоҳида кутубхона хизматини кўрсатиш мақсадида юртимиздаги 186 та туман ва шаҳар кутубхонаси ташкил этилди.
Кўплаб зиё масканлари қайта реконструкция қилинди, тўлиқ таъмирланди, моддий-техника базаси яхшиланди. Кутубхона соҳасининг ривожи мутолаа маданиятининг юксалишига, кутубхонага китобхонлар ташрифининг, адабиётларга бўлган талабнинг ортишига туртки бермоқда. Кутубхонага, унинг манбалари ва хизматларига бўлган қизиқиш ва эҳтиёжнинг ортиб бориши, кейинги йилларда китобхонлар сафининг янада кенгайиши, китобхонлар томонидан берилаётган кўплаб таклифларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 24/7 иш режимига ўтиш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.
“Китобхон миллат” шиори остида бўлиб ўтадиган “INFOLIB UZBEKISTAN – 2022” XI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ранг-баранг тадбирларга бойлиги билан аҳамиятлидир. “Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал салоҳияти – ёшлар қўлида!” мавзусидаги ёш кутубхоначилар форуми, шунингдек, соҳа ривожига оид кўплаб семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, танловлар, ноширлар, ёзувчи ва шоирлар, китоб муаллифлари билан учрашувлар кўзда тутилмоқда.
Ушбу ҳафталик кутубхоначилик ишини янада равнақ топтириш, бу борадаги илғор иш тажрибасини оммалаштириш ва жойларга кенг жорий этиш, китобхонларни эса янги асарлар, маърифат масканининг тобора кенгайиб бораётган имкониятлари билан таништиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Китобхонлик ҳафталигининг ҳар бир куни “Учрашувлар куни”, “Касбий маҳорат куни”, “Илм-фан куни”, “Китобхонлар куни”, “Тарих, маданият ва санъат уйғунлиги куни” каби кунларга бўлиниб, китобхонликка оид муайян маърифий мавзулар муҳокамаси, таҳлили, уларнинг ечимига катта эътибор қаратилади.
Матбуот анжуманида шу йил 2-4 ноябрь кунлари Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан юртимизнинг ноширлик соҳасидаги ютуқларини халқаро миқёсда намойиш этиш, маҳаллий ва хорижий ноширлар, асар муаллифлари ҳамда соҳа вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма мажмуасининг 3-павильонида “Китобсевар миллат” шиори остида бўлиб ўтадиган “TASHKENT BOOK FEST – 2022” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Ушбу халқаро кўргазма юртимизнинг ноширлик-матбаа соҳасида эришган ютуқларини ҳалқаро даражага олиб чиқиш, ноширлик, матбаачилик ҳамда китоб савдоси ташкилотларининг хорижий мутахассислари билан ўзаро халқаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу йўналишдаги фаолиятни янги босқичга олиб чиқиш, ўзбек адабиётининг етук намуналарини хорижий тилларга ҳамда жаҳон адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилишдек мақсадларни кўзлайди.
Айни пайтда маърифий кўргазма ёш авлоднинг билим олиш, маънавий ва маърифий савиясини юксалтириш, ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳаллаларда, китобхонлик маданиятини, оилавий китобхонлик анъаналарини тарғиб қилиш, ёшларнинг миллий адабиётга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш, уларни янгиланаётган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ғоялари ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда китобнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Бу халқаро тадбирда юртимиз етакчи нашриётлари, китоб савдоси ташкилотлари билан бирга Туркия, Миср, Ҳиндистон, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларнинг 40 га яқин нашриётлари, юртимизнинг 60 дан ортиқ нашриёт ва китоб савдоси ташкилоти иштирок этади.
Ярмарка доирасида мазкур давлатларда сўнгги йилларда нашр этилган энг сара китоблар, ноширлик соҳасидаги янги лойиҳалар билан танишиш мумкин бўлади. Нашриётлар томонидан турли тақдимотлар, ижодкорлар, муаллифлар, таржимонлар, ноширлар билан ижодий учрашувлар, янги асарлар тақдимоти ташкил этилади, шунингдек, хорижий соҳа вакилларининг инклюзив чиқишлари ўрин олган.
Шу билан бирга, тадбир доирасида нашр этилаётган китобларнинг мазмун-мундарижасини бойитиш, матбаа сифатини яхшилаш юзасидан ноширлар, матбаачилар, муаллифлар, таниқли олимларнинг кенг китобхонлар оммаси билан очиқ мулоқоти ташкил этилади. Ушбу амалий семинар ва мулоқотлар натижалари асосида ноширлик, матбаачилик соҳасига, миллий адабиётга, бадиий ижод истиқболига, айниқса болалар ва ўсмирлар адабиётини ривожлантиришга эътибор қаратиш ҳамда мамлакатимиз ноширлари, ижодкорларининг халқаро майдондаги муносиб ўрнини янада мустаҳкамлаш учун таклиф ва тавсиялар берилади.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири