Мақсад – ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш
Жиззах вилояти ҳокимлигида “Ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Жорий йил 1 декабрь ҳолатига кўра, вилоятда жами 4 минг 469 та саноат корхонаси мавжуд бўлиб, улардан 4 минг 79 таси ёки 91,3 фоизи фаолият кўрсатаётир ва шундан, йирик саноат корхоналари 30 тани, кичик саноат корхоналари сони эса 4 минг 49 тани ташкил этяпти.

Ушбу саноат корхоналари томонидан 2022 йил январь-ноябрь ойларида 9 триллион 800 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 108,1 фоизни ташкил этган. Шундан, маҳаллий саноат корхоналари томонидан 7 триллион 200 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 триллион 100 миллиард сўмга, ҳудудий саноат корхоналари томонидан эса 4 триллион 800 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 111,9 фоизни ташкил этган.
– Саноат салоҳиятини ривожлантириш мақсадида якунига етиб бораётган йилнинг 11 ойида қиймати 1 триллион 500 миллиард сўмлик 83 та саноат лойиҳаси амалга оширилиши ҳисобига 2 минг 700 та янги иш ўрни яратилди, банд бўлганларнинг асосий қисмини аёллар ва ёшлар дафтари рўйхатида турганлар ташкил этади, – дейди Жиззах вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Сарвар Абдуллаев. – Жорий йил якунида жами саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 10 триллион 300 миллиард сўмлик ёки 107,4 фоизга, маҳаллий саноат 7 триллион 800 миллиард сўмлик ёки 100,5 фоиз, ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4 триллион 900 миллиард сўмлик ёки 111,9 фоизга бажарилиши кутилмоқда.

Келгуси 2023 йилда эса жами саноат корхоналари томонидан 11 триллион 800 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 107,9 фоизга оширилиб, 2022 йилга нисбатан 109,6 фоизни ташкил этиши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, келаси йилда қиймати 6 триллион 500 миллиард сўмлик 100 та саноат лойиҳаси амалга оширилиши ҳисобига “Инсонга эътибор ва таълим сифати йили”да 4 минг 900 та янги иш ўрни яратилади.
Мақсад, вилоятда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришдир. 2022 йилда маҳаллийлаштириш дастурининг корхоналари сони 2017 йилга нисбатан 8 мартага, лойиҳалар сони 4 мартага, ишлаб чиқариш ҳажми эса 162 мартага оширилган.
Президентимизнинг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, маҳаллийлаштириш дастурида 2022 йилда 50 та корхонада 66 турдаги 1 триллион 737 миллиард сўмлик ёки 2021 йилга нисбатан 2,4 баробар кўп маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, импорт ўрнини босиш самарадорлиги 158 миллион АҚШ долларини ташкил этиши белгиланган.

Давлат дастурлари ижроси доирасида вилоятда бир қатор янги турдаги саноат маҳсулотлари – сэндвич панеллари, пенополиэтилен, мотор мойи, базальт толасидан композит қувурлар, суюқ қопламали гулқоғоз ва бошқа маҳсулотлар ўзлаштирилган.
Давлат дастури ижроси йўналишида 50 та корхонада 66 турдаги 3 триллион 900 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, белгиланган прогноз кўрсаткичлари ҳажми 244 фоизга бажарилган.
Маълум қилиндики, 2023-2024 йиллар учун вилоятдаги 22 та корхонада 249 миллиард сўмлик 42 та импорт ўрнини босувчи янги лойиҳа маҳаллийлаштириш дастурига таклиф этилган. Шунингдек, вилоятда янги шакллантирилган 2023-2024 йиллар учун маҳаллийлаштириш дастурига асосан 62 та корхонада 101 турдаги 9 триллион 100 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА