Мақсад – ҳамкорликни янада кенгайтириш
Тожикистон Республикаси Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегация вакиллари Тошкент вилояти Бекобод шаҳар “Ойбек” чегара постида кутиб олинди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ҳудудлари ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, савдо масалаларида ҳамкорликни янада кенгайтиришдир.
Меҳмонларнинг илк манзили Ўрта Чирчиқ туманидаги “MADONIZ DIAMOND” хусусий уруғчилик корхонасида бўлди.

Уларга Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳамроҳлик қилди. Бу ерда уларга уруғлик чигит тайёрлаш лойиҳаси таништирилди. Корхонада етиштирилаётган уруғлик пахта, буғдой ва дуккакли экин навларини кўпайтириш, шунингдек, ноёб турдаги дарахт кўчат турлари ҳақидаги маълумотлар ҳам меҳмонларга тақдим этилди. Келгусида қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорлик юзасидан келишиб олинди.
Тожикистон делегацияси Зангиота туманидаги “Grand pharm hub” логистика марказида ҳам бўлиб, яқин истиқболда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида дастлабки музокараларни ўтказди.

Мулоқотларда икки давлат раҳбарларининг прагматик, дўстона сиёсати натижасида кўплаб йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида имконият туғилгани таъкидланди. Делегация аъзолари куннинг иккинчи ярмида Зангиота тумани ишбилармон доиралар вакиллари билан музокара ўтказди.


Жумладан, Сингапур билан ҳамкорликда ташкил қилинган эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи “ТRТ” корхонаси фаолияти ҳам ўрганилди. Мазкур корхонада енгил ва юк ташувчи автомобилларни юриш, трансмиссия ва бошқарув тизимлари учун 1 мингдан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилади. Шу ернинг ўзида техник текширув ва синовларни ўтказиш учун лаборатория ҳам ташкил қилинган. Шунингдек, умумий қиймати 10 миллион доллар бўлган “Mos pekar” МЧЖ қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти ҳам кўздан кечирилди ва бу меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ҳозирда, замонавий технологиялар жорий қилиш орқали аҳолига суткасига 55-60 тонна тоза, сифатли қандолат маҳсулотлари етказилмоқда. Корхонада 150 дан зиёд иш ўрни яратилган бўлиб, йиллик экспорт (Россия) ҳажми 5-6 миллион долларга етказиш режа қилинган.
Делегация вакилларининг ташрифи давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА