Манзараки, юртни севишга чорлайди...
“Ўзбекистон манзаралари“ акцияси 2019 йил октябрь ойидан бошланган эди.
Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси доирасида ўтказилган “Ўзбекистон манзаралари“ акцияси иштирокчиларининг ҳисобот кўргазмаси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, академиклар, рассомлар, санъатшунослар, маънавият тарғиботчилари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалиётининг жорий этилиши ёшларимиз ҳаётида рағбат ва янги имкониятлар йўлини очиб берганини таъкидлади.
“Ўзбекистон манзаралари“ акцияси 2019 йил октябрь ойидан бошланган эди. Акция доирасида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари иштирокида юртимизнинг манзарали жойларида пленэрлар ташкил этилиб, гўзал табиат манзаралари тасвирланди. Ижодкорлар коллекциялари бетакрор асарлар билан бойиди.

Ҳисобот кўргазма экспозициясидан Чори Бекмиров, Дилором Мамедова, Абдуҳаким Каримов, Дилмурод Йўлдошев, Анорқул Бойбеков, Маҳмуджон Казиев, Ғанишер Ҳайдаров, Усмон Мамажонов, Валерий Енин ва Виктория Трошиналар каби таниқли рассомлар билан бир қаторда Маҳаммадсоли Аҳмедов, Наби Пирназаров, Маҳмадали Пўлатов, Расулжон Эсонов, Жавоҳир Аввалбоев, Ўринбой Қамбаров, Жамол Раҳимов, Ботирали Умаров, Абдулла Ражабов, Алишер Ҳамдамов, Муҳаммаджон Сатторов, Ферузжон Жумаев, Бунёд Каримов, Мирзамурод Тўхтаев, Сарвар Фармонов каби ёш рассомларнинг асарлари ҳам муносиб ўрин эгаллаган.
Иштирокчиларнинг фикрича, кўргазмада намойиш этилган “Ёмғирдан сўнг”, “Куз узра”, “Қиш таровати”, “Оқтошда баҳор”, “Менинг юртим”, “Зилол сув”, Баҳордаги қорли салтанат”, “Оқшом”, “Уйга қайтиш” ва “Тонгги садо” каби картиналарда тасвирланган манзаралар жаннатмонанд юртимизнинг бетакрор гўзаллиги, сўлим гўшалар акси кишини ўзига ром этади, ширин хотираларни жонлантиради.
– Акциядан мақсад амалий санъат усталари ва рассомлар иштирокида юртимизнинг манзарали жойларида пленэрлар ташкил этиб, табиат манзараларини тасвирлаш ҳамда яратилган асарларни туризмни ривожлантириш бўйича нашр этиладиган альбом учун тавсия этишдан иборат, – деди Ўзбекистон Бадиий академияси масъул ходими Дилобар Мирҳусанова. – Шунингдек, акция ижодкорларимизни рағбатлантириш ва илҳомлантиришда, ижодий фаолиятларини яна бир бор намоён этишида ҳам муҳим роль ўйнайди. Туризмни ривожлантириш бўйича нашр этиладиган альбом учун кўргазмага тақдим этилган асарлардан энг саралари танлаб олинади. Акция 2020 йилда ҳам давом этади.