Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш — ишончли бошқарув кафолати
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг асосий мақсади – халқ манфаатларига хизмат қиладиган, очиқ, шаффоф ва самарали давлат бошқаруви тизимини шакллантиришдан иборат. Давлат хизматининг сифати энг аввало, ушбу тизимда фаолият юритаётган кадрларнинг билими, малакаси, касбий салоҳияти, ҳалоллиги ҳамда масъулияти билан белгиланади.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Коррупцияга қарши курашиш – ислоҳотларимизнинг ажралмас қисми бўлиши шарт”. Бу тамойил сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шу боис мамлакатимизда давлат хизматига ҳалол ва масъулиятли кадрларни танлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг ваколатлари кенгайтирилиб, номзодларни баҳолашнинг замонавий механизмлари жорий этилмоқда.
Энг муҳим вазифа – коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш ва унинг олдини олишдир. Айнан шу мақсадда мамлакатимизда профилактик ёндашув тобора кучайтирилмоқда. Энди давлат хизматига қабул қилинаётган номзодлар фақат дипломи ёки иш тажрибаси билан эмас, балки манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли, аввалги меҳнат фаолияти ва коррупциявий хавфлар нуқтаи назаридан ҳам баҳоланади. Бу эса кадрлар сиёсатида мутлақо янги босқичдир.
Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари томонидан тайёрланадиган хулосалар ана шу жараённинг муҳим қисми ҳисобланади. Улар номзоднинг давлат хизматида фаолият юритишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлашга хизмат қилади. Давлат хизматида қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг марказида инсон манфаати туриши лозим. Бу эса давлат идораларида фаолият юритадиган ходимларни танлаш жараёнининг очиқ, холис ва адолатли ташкил этилишини талаб қилади.
Мазкур тизимнинг асосий мақсади, кимнидир ишга қабул қилишга тўсқинлик қилиш эмас, балки давлат хизматига кириб келиши мумкин бўлган коррупциявий хавфларни олдиндан баҳолаш, уларнинг олдини олишдан иборат. Чунки коррупцияга қарши курашишда энг самарали йўл унинг оқибатларини бартараф этиш эмас, балки сабабларини барвақт йўқотишдир.
Бу тартибнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг ижобий хулосаси номзодни автоматик равишда ишга қабул қилиш дегани эмас. Хулоса фақат коррупциявий чекловлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини кўрсатади. Номзоднинг касбий билим ва кўникмалари, малакаси, тажрибаси ҳамда танлов натижалари алоҳида баҳоланади.
Давлат хизмати ҳар қандай мамлакат тараққиётининг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Агар давлат идораларида ҳалол, билимли ва фидойи кадрлар фаолият юритса, аҳоли мурожаатлари ўз вақтида ҳал этилади, давлат хизматлари сифати ошади ва энг муҳими, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи мустаҳкамланади.
Шу маънода, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари томонидан ишга қабул қилиш жараёнларида ўтказиладиган баҳолаш ва тайёрланадиган хулосалар оддий расмий ҳужжат эмас. Улар давлат хизматида ҳалоллик муҳитини шакллантириш, коррупция хавфларини камайтириш ва муносиб кадрларни танлашга қаратилган муҳим профилактик механизмдир.
Айни кунда ушбу тизимнинг самарали ишлаши учун фақат ички назорат бўлинмаларининг саъй-ҳаракати етарли эмас. Раҳбарлар, кадрлар хизмати, давлат хизматчилари ва жамоатчилик ҳам коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириши лозим.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат бошқарувининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганлигини кўрсатади. Давлат хизматига қабул қилишда коррупсиявий хавфларни баҳолаш ва коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг хулосасига асосланган қарор қабул қилиш тартиби ана шу ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Мазкур механизм орқали давлат хизматида ҳалоллик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойиллари янада мустаҳкамланади, манфаатлар тўқнашувининг олди олинади ҳамда давлат органларига муносиб, профессионал ва юксак маънавий фазилатларга эга кадрларни жалб қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилади.
Муҳаммаджон Маъмуржонов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Андижон филиали инспектори.