Маънавиятга эътибор – келажакка эътибор
XXI асрда турли ҳаёт тарзлари ва ғоялар рақобатга киришди.
Бунда муваффақиятга эришиш учун ҳар бир давлат ўзлигини сақлаган ҳолда, маънавий дунёси, диний ва миллий қадриятларини бошқаларга англатишни асос қилган мафкурага эга бўлиши лозим. Акс ҳолда маънавиятсизлик, ўзликни йўқотиш, бебаҳо қадриятлардан воз кечиш кишини тараққиётдан ажратиб, уни тобе, мустақил фикри йўқ кимсага айлантириб қўйиши табиий ҳол. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун эса маънавият асосий кучга айланади.
Янгиланаётган Ўзбекистон шароитида жамиятимиз маънавий дунёқарашини янада бойитиш, турли ёт ғоялардан асраш ҳамда ёшлар онгида миллий қадриятларга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш борасида кейинги йилларда таъсирчан чораларнинг татбиқ қилинаётгани мазкур соҳа доим ҳукуматимиз эътиборида эканлигидан далолат.
Айни чоғда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жамият маънавий камолоти учун муҳим туртки бўлиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинди.
Ушбу қарорнинг моҳиятига эътибор берсак, жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилиш, ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш, геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш устувор вазифа этиб белгилангани соҳа масъулларидан янада масъулиятли бўлишни талаб этади.
Қарорнинг асосий мақсади миллий маънавиятимизнинг маъно-моҳияти, илдизлари, ноёб ва бетакрор намуналари, унинг бугунги кундаги ривожланиш тамойиллари ҳақида аниқ мақсадга қаратилган изчил, таъсирли ва замонавий усул-воситалардан фойдаланган ҳолда тарғибот ишларини олиб бориш, муқаддас анъаналаримизнинг ҳозирги ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган маънавий-маърифий тарғибот тадбирларни ўтказиш, ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатадиган ҳар қандай ички ва ташқи таҳдидларга қарши қаратилган тизимли ва замонавий ташвиқот ишларини олиб бориш; мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурининг мазмун ва моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишга қаратилган тарғибот ишларини тизимли ва изчил амалга ошириш каби масалаларни қамраб олган.
Аҳамиятли томонларидан бири, тарғибот ва ташвиқот усулларидан ташқари илмий-тадқиқот йўналишида маънавий-маърифий ишларни амалга оширишнинг самарали ва таъсирчан тарғибот технологияларини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибани ўрганиш, шунингдек, бугунги мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, мониторингини олиб бориш, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган тарбия технологиялари, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш олий таълим муассасаларида соҳага масъул ходимлари олдига ҳал этилиши лозим бўлган қатор вазифалар қўймоқда.
Айниқса, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканларининг ташкил этилиши халқимизнинг кўнглидан жой олиши табиий.
Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимидаги бакалавр таълим йўналишлари ўқув режаларига “Маънавиятшунослик”, магистратура босқичида эса “Касбий маънавият” фанлари киритилиши ҳамда магистратура таълим босқичида “PR-менежер” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланишини йўлга қўйиш бўйича қўйилган вазифалар давр талабига мос равишда оқилона қўйилган қадамдир.
Муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур қарор маънавий-маърифий ишларни тубдан такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг бу жараёнда фаол иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этибгина қолмасдан барча соҳалар каби олий таълим тизимида фаолият юритувчи ҳар бир кишига Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик ва юксак масъулият юклайди.
Рузимурот Чориев,
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини
механизациялаш муҳандислари институти
Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори