Мана сенга олам-олам энергия… Европада кутилмаган ҳолат
Европани қамраб олган бу йилги илк кучли иссиқ тўлқин қайта тикланувчи энергия соҳасида кутилмаган муаммони юзага чиқарди. Қуёшли кунлар кескин кўпайиши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми рекорд даражага етди ва айрим мамлакатларда улгуржи бозорда нарх манфий кўрсаткичга тушиб кетди.
Буюк Британияда май ойи охирида қуёш энергияси мамлакатнинг кундузги электр эҳтиёжининг қарийб ярмини қоплади. Францияда эса электр нархи айрим соатларда нолдан ҳам пастлади. Бундай ҳолат энергия таклифи талабдан ошиб кетганда юз беради.
Мутахассислар айни ҳолат истеъмолчилар учун электр энергияси арзонлашишини англатмаслигини таъкидламоқда, чунки мавжуд энергетика тармоғи қайта тикланувчи энергия миқдори жадал ўсишига мослашмаган. Оқибатда ортиқча ишлаб чиқарилган энергияни сақлаш ёки истеъмол нуқталарига етказиб бериш қийинлашмоқда.
Айниқса Испания ва Португалияда манфий нарх рекорд даражага чиқди. Жорий йил биринчи чоракда Испанияда электр энергияси 397 соат давомида манфий нархда сотилган бўлса, Португалияда бу кўрсаткич 222 соатни ташкил қилди.
Таҳлилчилар муаммони ҳал қилиш учун электр тармоғини модернизация қилиш ва аккумулятор тизимини кенгайтириш зарурлигини айтмоқда. Ҳозир Европа Иттифоқида батарея қуввати тез суръатда ўсяпти, аммо 2030 йил мақсадига эришиш учун мавжуд ҳажмни яна ўн баробар ошириш талаб этилади.
Қизиғи шундаки, иссиқ ҳаво ҳатто қуёш энергетикаси самарадорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мутахассислар маълумотига кўра, ҳарорат 25 даражадан кўтарилган ҳар бир даража учун қуёш панели самарадорлиги ўртача 0,4-0,5 фоиз пасаяди.
Шу билан бирга, юқори ҳарорат шамол энергетикаси ва гидроэнергетика имкониятини ҳам чекламоқда. Францияда атом электр станцияларини совутиш учун фойдаланиладиган сув ҳавзалари қизиши ҳам энергетика тизими учун қўшимча хавф сифатида баҳоланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА