Маъмурий судлов ишларига ҳам ярашув нормалари киритилмоқда
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуридаги яна бир банд ижроси таъминланмоқда.
Маъмурий судлов ишларига ҳам ярашув институти жорий этилмоқда ва шу боис, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди.
Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси йиғилишида ана шу қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
– Партиянинг инсонпарварлик ғояларидан келиб чиққан ҳолда Жиноят кодексидаги ярашув институти билан боғлиқ нормалар эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам татбиқ этилмоқда. —– дейди фракция аъзоси Мухтабар Ҳусанова. — Яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ўнта моддаси ярашув институти доирасига киритилмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, ярашув асосида маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини тугатиш учун айбдор шахс ўз айбига иқрор бўлиши, келтирилган зарарни қоплаши, шу билан бирга, жабрланувчи уни кечириши лозим бўлади.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда “Миллий тикланиш”чилар ташаббуси билан ярашув асосида тугатилиши мумкин бўлган моддалар сони яна иккитага кўпайди.
Статистик маълумотларга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказиш (133-модда) ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши (134-модда) билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан кўпроқ содир этилмоқда.
Амалдаги Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисмида (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) кўрсатилган жиноятни содир этган шахсга нисбатан жиноят иши ярашув институти асосида тугатилиши мумкин. Лекин ижтимоий хавфи катта бўлмаган юқорида қайд этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилиши мумкин эмас. Етказилган зарар қопланган тақдирда ҳам, жабрланувчининг даъвоси бўлмаса ҳам шахсга нисбатан жазо қўллаш қатъий белгилаб қўйилган. Шу муносабат билан фракция аъзолари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133, 134-моддаларини ярашув институти доирасига киритишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашди.
Қайд этиш лозим, ушбу маъмурий ҳуқуқбузарликларни ярашув институти доирасига киритиш масаласи қонун ташаббускорлари эътиборидан четда қолган эди. Депутат Мухтабар Ҳусанованинг айтишича, агар бир йил давомида ярашув институти доирасига тушувчи маъмурий ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, ярашув институти нормалари қўлланилмаслиги белгиланган эди. Бироқ фракция аъзоларининг қатъийлиги билан ушбу норма ҳам чиқариб ташланди ва шахс томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган тақдирда, у айбига иқрор бўлиб, келтирилган зарарни қопласа ва жабрланувчи уни кечирса, жиноят иши ярашув институти асосида тугатилиши белгилаб қўйилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА