Мамлакатимизда “Эҳтиром” лойиҳаси ўтказилмоқда
АОКАда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги "Маърифат" тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Бахтиёр Ҳусановнинг маълум қилишича, айни кунларда мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган уруш ва меҳнат фахрийларига ҳамда Ватан равнақи, тараққиёти ва унинг ҳимояси учун курашган буюк аждодларимизга алоҳида эътибор ва чуқур эҳтиром кўрсатиш, шунингдек мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хотирасини улуғлаш мақсадида “Эҳтиром” лойиҳаси ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, жамият раиси жорий йилнинг дастлабки чорагида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Унга кўра, жамият аъзолари иштирокида давлат байрамлари, муҳим саналар ва буюк сиймолар таваллуд кунлари муносабати билан вазирлик, идора, корхона ва ташкилотларда 180 дан ортиқ “Маърифат соати” ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фарзандлари турли соҳаларда катта ютуқларга эришган, халқаро фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида юқори ўринларни эгаллаган 23 нафар оналарга “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони топширилди. Шунингдек, “Аёлга эҳтиром!” лойиҳаси доирасида 1500 нафардан зиёд хотин-қизлар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳрида 50 нафар олимлар, ёзувчи-шоирлар, санъаткорлардан иборат зиёлилар гуруҳи томонидан “Маърифат боғи” ташкил этилиб, 200 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Жорий йилнинг 27–28 март кунлари Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида “Кинокарвон” тадбирлари ўтказилди. Мазкур кинокарвон лойиҳасида маданият, санъат намояндаларидан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари иштирок этиб, 2 500 нафардан зиёд аҳоли қамраб олинди.
Шунингдек, ўз меҳнати билан камбағалликдан фаровонликка эришган оилаларнинг ижобий тажрибаларини оммалаштиришга қаратилган “Фаровон ҳаётга илк қадам” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Фарғона ва Сирдарё, Тошкент вилоятларида амалий семинар-тренинглар, турли тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА