Мамлакатимиз уламолари Сирдарёда
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков бошчилигида Тошкент шаҳридаги барча туманлар масжидларининг бош имом-хатиблари Сирдарё вилоятига келди.
Сафар давомида уламолар томонидан маънавий-маърифий учрашувлар, олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, жоме масжидларда суҳбатлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишларни амалга ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш ҳам кўзда тутилган.
Қолаверса, ушбу мулоқот ва тадбирларда диний соҳа раҳбарлари ва мутасадди вакиллар ҳам иштирок этиши режалаштирилган. Маълумот учун, мазкур ўрганиш ишлари уч кун давом этади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА