“Мамлакат платформаси”: номарказлаштиришдаги миллий ёндашув ва халқаро тажриба
Адлия вазирлигида “Мамлакат платформаси”нинг қонун устуворлиги ва давлат бошқаруви йўналиши бўйича йиғилиш ўтказилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон бўйича “Мамлакат платформаси” донорлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг қўшма лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган механизм ҳисобланади.

Тадбирда Германиянинг халқаро ҳамкорлик бўйича жамияти, Европа Иттифоқи, БМТ Тараққиёт дастури, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, БМТ наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, ЮНИСЕФ, шунингдек, Швейцария, Буюк Британия, Франция ва Латвия элчихоналарининг вакиллари иштирок этди.
“Мамлакат платформаси” йиғилишида “Номарказлаштириш ислоҳотлари: халқаро тажриба ва миллий ёндашувлар” мавзуси муҳокама қилинди.

Тадбир давомида давлат бошқарувини аҳолига яқинлаштириш, ваколат ва ресурсларни ҳудудларга ўтказиш, қарор қабул қилиш жараёнларини тезкор ва самарали ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, номарказлаштиришнинг концептуал ёндашувлари, ваколатларни вертикал ва горизонтал тақсимлаш, ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб бошқарув моделини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Халқаро тажриба асосида ҳудудларни ривожлантириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш, давлат хизматларини халққа яқинлаштириш ҳамда рақамли бошқарув механизмларини жорий этиш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида номарказлаштириш жараёнларини тизимли амалга ошириш, аниқ механизмлар асосида жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА