Маматқул Ҳазратқулов – 75 ёшда
1 февраль – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Меҳнат шуҳрати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб ва таржимон Маматқул Ҳазратқулов туғилган кун.
Сана муносабати билан Ёзувчилар уюшмаси жамоаси адибни қутлуғ ёши билан муборакбод этди. Устоз журналистга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилади.
Маматқул Ҳазратқулов 1947 йил 1 февралда Самарқанд вилояти Ургут тумани Мингбулоқ қишлоғида таваллуд топган. 1970 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг Журналистика факультетини тамомлаган. Унинг “Оққуш”, “Чўли ироқ”, “Ҳаётнинг бир парчаси”, “Интизор”, “Қуёш мен томонда”, “Қўзичоқнинг кўз ёшлари”, “Журъат”, “Эшиклар очиқ”, “Чироқ ўчмаган кеча”, “Кўккўл” каби насрий китоблари нашр этилган.
“Меҳр кўп кўргаздим”, “Меҳмон”, “Қадрим”, “Афандининг янги саргузаштлари” номли пьесалар муаллифи. У Лев Толстой, Василий Шукшин ҳамда озарбайжон, тожик, татар, япон ёзувчиларининг ҳикоя ва қиссаларини ўзбек тилига ўгирган.
Н.Усмонова, ЎзА