Маълумотлар таҳлили бошқарув самарадорлигини оширмоқда
Давлат бошқарувида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, бошқарув қарорларининг аниқ таҳлил ва ишончли маълумотларга асосланишини таъминлаш бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Президентимизнинг 2026 йил 8-июлдаги “Рақамли ҳукумат” тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу эзгу мақсадларни янги босқичга олиб чиқиб, давлат бошқарувини замонавий рақамли ечимлар асосида такомиллаштириш, ҳудудларда ягона ахборот маконини шакллантириш ва аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимиз ҳудудларида “Рақамли ҳокимлик” тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Унинг муҳим бўғини ҳисобланган Рақамли бошқарув ва таҳлил марказларининг ташкил этилиши эса давлат бошқарувида мутлақо янги ёндашувни қарор топтирмоқда. Бу марказлар орқали давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ягона платформага интеграция қилиниб, турли манбалардаги маълумотлар таҳлил этилади, натижада тезкор, аниқ ва самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш имконияти кенгаяди.
Жиззах вилоятида ҳам мазкур вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар ва эришилаётган натижалар Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган Рақамли бошқарув ва таҳлил марказида ўтказилган матбуот анжуманида атрофлича муҳокама қилинди. Унда соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда масъул идоралар ходимлари иштирок этиб, рақамли трансформациянинг ҳудудлардаги амалий натижалари юзасидан фикр алмашди.
Тадбирда таъкидланганидек, рақамли бошқарувнинг асосий мақсади маълумотларни шунчаки жамлаш эмас, балки уларни чуқур таҳлил қилиш орқали мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга тезкор ечим топишдан иборат. Бу эса бошқарув самарадорлигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдиришда муҳим аҳамият касб этади.
Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов таъкидлаганидек, бундай марказлар қайси соҳаларда рақамлаштириш юқори даражага етгани, қайси йўналишларда эса ишларни янада жадаллаштириш зарурлигини аниқ кўрсатиб беради.
[gallery-30715]
— Бундай марказлар, аввало, мавжуд муаммоларга тезкор муносабат билдириш имконини яратади. Шу билан бирга, қайси соҳаларда рақамлаштириш юқори даражага чиққанини, қаерда эса бу жараённи янада жадаллаштириш зарурлигини аниқ кўрсатиб беради. Масалан, электр энергетикаси соҳасида рақамлаштириш анча юқори босқичга чиққан бўлса, сув таъминоти тизимида бу жараённи янада такомиллаштириш зарур, — деди Комил Холмуродов.
Матбуот анжуманида аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги мулоқотни янада самарали ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда “Халқ назорати” электрон платформасини ишга тушириш режалаштирилган.
Мазкур платформа орқали фуқаролар йўллардаги носозликлар, чиқиндиларнинг тўпланиши, электр энергияси, табиий газ ёки сув таъминотидаги узилишлар ҳамда бошқа коммунал муаммоларни мобил телефон ёрдамида суратга олиб, бевосита тизимга юбориши мумкин бўлади. Мурожаат келиб тушиши билан унинг манзили автоматик тарзда аниқланиб, масъул ташкилотга йўналтирилади. Энг муҳими, ижро жараёни ҳақиқий вақт режимида назорат қилинади. Бу эса мурожаатларнинг шаффоф кўриб чиқилиши ва ижро интизомини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Платформанинг дастлабки натижалари ҳам унинг самарадорлигини намоён этмоқда. Матбуот анжуманида маълум қилинганидек, пилот босқичидаёқ бир куннинг ўзида 279 та мурожаат қабул қилинган. Уларнинг 52,7 фоизи ижобий ҳал этилган. Қарийб 39 фоизида эса ижро муддати бузилгани аниқланган. Бу рақамлар, бир томондан, рақамли назорат механизмининг амалий самарасини тасдиқласа, иккинчи томондан, айрим масъул ташкилотлар фаолиятида ижро интизомини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Рақамли инфратузилмани шакллантириш бўйича амалий ишлар ҳам изчил давом этмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 5 миллиард 452 миллион 700 минг сўмни ташкил этади. Ушбу маблағлар қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, марказларни замонавий техника ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш ҳамда рақамли бошқарув инфратузилмасини шакллантиришга йўналтирилган.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида Жиззах шаҳри, Бахмал, Зарбдор ва Зафаробод туманларида таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари тўлиқ якунланган. Арнасой, Шароф Рашидов, Мирзачўл, Фориш ва Янгиобод туманларида ишлар 50 фоизга, Дўстлик, Ғаллаорол, Зомин ва Пахтакор туманларида эса 25 фоизга бажарилган.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ва иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар ҳамда соҳа мутахассисларидан атрофлича жавоб олди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари