Мактаблардаги ўқитиш сифати таҳлил этилди
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда таълим сифатини белгиловчи асосий кўрсаткичлардан бири бўлган умумтаълим мактаби битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириши бўйича қилинган таҳлил ва кўрилган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.
Аttestst.uzedu.uz электрон базасидаги барча 282 минг 794 нафар 11-синф битирувчисининг номма-ном рўйхати аттестат рақами асосида олиниб, бугунги кунда уларнинг қайси олий ўқув юртига киргани, давлат гранти ёки контракт асосида экани, ўқишга кирмаган битирувчиларнинг бугунги кунда ишга жойлашгани ҳақида ҳудудий бошқармалардан тезкор маълумотлар олинди.
Таҳлилларга кўра, 282 минг 794 битирувчидан 34 минг 837 нафари ёки 12,3 фоизи олий ўқув юртига қабул қилинган. Уларнинг 25 минг 280 нафари ёки 73 фоизи мамлакатимиздаги давлат олий таълим муассасаларига, 2 минг 794 нафари (8 фоизи) Ўзбекистондаги хорижий олий ўқув юртларига, 6 минг 793 нафари чет элдаги хорижий олий ўқув юртларига ўқишга кирган. Шунингдек, битирувчиларнинг 6 минг 958 нафари (28 фоизи) давлат гранти асосида, 27 минг 879 нафари (72 фоизи) тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган.
Битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш натижалари ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, биринчи учталикда Тошкент шаҳри – 36 фоиз, Навоий вилояти – 21,9 фоиз, Бухоро вилояти – 18,4 фоиз ўрин эгаллади. Сўнгги ўринларда Қашқадарё, Жиззах, Андижон вилоятлари турибди.
Бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртига кирмаган мактаблар сони ҳам таҳлил қилинди. Бу борада “ўзига хос рекорд ўрнатган” ҳудудлар рўйхатига Қашқадарё, Жиззах, Самарқанд вилоятлари кирди. Нисбатан яхши натижалар Тошкент шаҳри, Бухоро, Хоразм вилоятларида экани маълум бўлди.
Ҳайъат йиғилишида битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи юқори бўлган Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги 21-мактаб директори З.Кимсанова муваффақиятга эришишда мактабда тўпланган тажриба ва тавсияларини қуйидагича изоҳлади:
– Муваффақиятга эришиш учун, энг аввало, ҳар бир мактаб ўз олдига аниқ мақсад қўйиб олиши лозим. Шунингдек, бутун педагогик жамоа биргаликда мақсад сари интилиши зарур. Бунинг учун, албатта, яхши педагоглар керак. Бу борада дарс соатларини тақсимлашда тажрибаси юқори ва фидойи ўқитувчиларга кўпроқ эътибор қаратамиз.
Ҳайъат мажлисида олий ўқув юртига киришда энг яхши натижа кўрсатган вилоят, туман (шаҳар) ва мактаб раҳбарлари рағбатлантирилди. Аксинча, ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган, таълим сифатини оширишда мавжуд имкониятлардан фойдаланмаган, ташаббус кўрсатмаган вилоят, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудири ва мактаб раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Йиғилишда ҳудудий халқ таълими бошқармалари, туман халқ таълими бўлими мудирлари ва мактаб раҳбарларига таълим сифатини ошириш бўйича 10 та устувор вазифани белгилаб олиш ва уларни амалга ошириш бўйича топшириқ берилди.
Яхши натижа кўрсатган таълим муассасалари директорлари рағбатлантирилиб борилиши, ёмон натижа кўрсатадиган мактаб раҳбарлари жазоланиши таъкидланди.
Ёмон натижа кўрсатган туман ва вилоят халқ таълими бўлими ҳамда бошқармалар раҳбарларига интизомий чора кўрилди. Натижаси паст бўлган мактаб директорларига ҳам қонунчилик доирасида интизомий чора кўриш вазифаси берилди.
Халқ таълими вазирлиги доимий равишда таълим сифатини ошириш билан боғлиқ бўлган масалаларга эътибор қаратиб боради.