Мактабларда футбол дастури – амалда
Бугунги футбол машғулоти – эртанги куннинг иқтидорли футболчиси, миллионлар ўйинининг етук намояндаси бўлиш сари қўйилган илк қадам.
Наманган вилоятининг олис ҳудудларидан бири саналган Учқўрғон туманидаги 14-сонли умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилиш ҳамда футболга бўлган қизиқишини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси томонидан Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси – “FIFA”нинг “Football for Schools” дастури доирасида мунтазам равишда футбол машғулотлари ташкил этиб келинмоқда.

Ушбу машғулотлар давомида ўқувчилар футболнинг назарий ва амалий асосларини ўрганиб, ўзларининг жисмоний ва техник кўникмаларини ривожлантирмоқда. Тўгараклар орқали ёшларнинг жисмоний чиниқиши билан бир қаторда, футболга қизиқиши юқори бўлган иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларнинг спортдаги илк қадамларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Энг муҳими, футбол ўқувчиларга нафақат спорт маҳоратини, балки жамоавийлик, ўзаро ҳурмат, интизом, ғалабага интилиш каби хислатларни шакллантириш асносида улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА