Мактабларда биринчи қўнғироқ чалинди (+видео)
5 сентябрь эрта тонгдан республикамизнинг барча мактабларида биринчи қўнғироқ овози янгради. Давлатимиз раҳбарининг кенг қамровли ислоҳотлари натижаси ўлароқ юртимизда қатор таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилмоқда, таъмир талаб мактаблар қайтадан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилмоқда.
Бугун янги ўқув йилини бошлаган болажонлар учун мактабларда билимлар куни тадбирлари, шунингдек, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида мустақиллик дарслари ўтказилди.


5 сентябрь куни таътил давомида янги куч ва ғайратга тўлиб қайтган ўқувчи ёшлар, шунингдек, мактабга илк бор қадам қўйган болажонлар ҳам билим даргоҳида таълим олишни бошлаб юбордилар.
ЎзА ижодий жамоаси Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани Халқ таълими бўлими тасарруфидаги 330-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, тадбир шодиёнаси, турли чиқишлар ва мустақиллик дарслари гувоҳи бўлишди.


Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, мазкур мактаб 2020 йил янгидан қуриб, фойдаланишга топширилган. Янги спорт зал, кимё-биология ва лаборатория хоналари, шунингдек, замонавий технологиялар билан жиҳозланган компютер хоналарига эга ушбу мактаб жорий йил 210 нафар ўқувчини қабул қилди.
Биринчи қўнғироқ чалиниши барча ўқувчиларга ўзгача кайфият тақдим этди, дейиш мумкин. Тадбир чоғида илк қўнғироқ катта ҳаётга қадам қўяётган болажонларга илк муваффақиятлар олиб келишига ишонч билдирилди.


330 мактабда бу йил жами 6 та биринчи синф ўқишни бошлади. Ўқувчилар учун мактабдаги биринчи дарс мустақиллик дарслари бўлди. Болажонларга мамлакатимиз осойишталиги, халқ тинчлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмуни тушунтирилди.
Юрт равнақи, келажагимиз фаровонлигини таъминлашда айнан, ўқувчи ёшлар аъло баҳоларга ўқимоғи айни муддао бўлиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4O2avQ_QJjY" title="Мактабларда биринчи қўнғироқ чалинди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА