Мактабгача ва мактаб таълими вазирига парламент сўрови юборилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Каримовага “Таълим ташкилотларида ёшларни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган Миллий тарбия моделини ишлаб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, узлуксиз таълим тизимида ягона ғоявий тарбияни шакллантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини кенгайтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат фазилатларини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланиб, ўтган даврда “Таълим тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, депутатлар томонидан ўтказилган ўрганишлар соҳада айрим муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, “Тарбия” фанини ўқитишда рақамли таълим технологияларининг тўлиқ интеграция қилинмагани, тарбиявий тадбирлар билан ўқув жараёни ўртасидаги узвийлик етарли даражада таъминланмагани кузатиляпти.
Таҳлиллар таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлиги ҳудудлар кесимида бир хил эмаслигини, айрим муассасаларда тарбиявий ишлар кўпроқ тадбирбозлик шаклида ташкил этилаётганини кўрсатмоқда. Бу “оила — маҳалла — мактаб” занжиридаги ҳамкорликни янада кучайтириш ва тарбия тизими самарадорлигини ошириш зарурлигини кўрсатади.
Глобаллашув ва рақамлаштириш жараёнлари таъсирида ёшлар онгига турли мафкуравий, маданий ва рақамли таъсирлар кучайиб бораётгани эса ёшлар тарбиясида ахборотдан масъулиятли фойдаланиш, шубҳали маълумотларни танқидий баҳолаш, миллий қадриятларни замонавий дунёқараш билан уйғунлаштириш ҳамда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришга қаратилган самарали тарбия механизмларини жорий этишни талаб этмоқда.
Ушбу жараёнда миллий тарбия моделини рақамли технологиялар асосида амалга ошириш, жумладан, “milliytarbiya.uz” платформаси орқали тарбиявий контентни, методик ресурсларни, ўқувчилар портфолиосини юритиш ва ота-оналар билан ҳамкорлик механизмларини рақамлаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мажлисда юқоридагилардан келиб чиқиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирига парламент сўрови юборилди.
ЎзА