Мактабгача таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ҳамда Юнеско Бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Стефания Жаннини ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларининг тегишли бандига мувофиқ, 2030 йилга келиб барча ўғил-қизлар бошланғич таълимга тайёр бўлиши учун ёш болаларни ривожлантириш имкониятига эга бўлишларини таъминлаш борасида ижобий натижаларга эришилаётгани қайд этилди.
– Мактабгача ёшдаги болаларга таълим ва тарбия бериш давлатимизнинг устувор йўналишларидан биридир, – деди Агриппина Шин. – Республика бўйича мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичлари 2017 йилда 27 фоиз бўлган бўлса, 2021 йилга келиб 62 фоизгача ошди. Натижада бугунги кунда 1,7 миллиондан ортиқ бола мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлди. Қолаверса, Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб барча болалар учун бошланғич таълимда тенг имкониятлар яратиш мақсадида мактабга боришдан бир йил олдин мажбурий мактабгача таълим тизими жорий этилди. Бугунги кунда мактабга чиқиш ёшидаги болаларнинг 77 фоизи мактабгача таълим тизимига қамраб олинди, 2025 йилга бориб уларнинг барчасини бир йиллик мажбурий бепул таълим тизимига қамраб олиш режалаштирилган.

– Ўзбекистон мактабгача таълим соҳасида қисқа вақт ичида эришилган бу каби ютуқлар, албатта, таҳсинга сазовордир, – деди Юнеско Бош директорининг таълим бўйича ўринбосари Стефания Жаннини. – Шунингдек, “Илк қадам” давлат ўқув дастури ва педагоглар малакасини ошириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар қилинаётганига гувоҳ бўлдик.
Учрашув жараёнида 2022 йилнинг кузида Тошкент шаҳрида илк ёшдаги болаларга тарбия ва таълим бериш бўйича Иккинчи бутунжаҳон конференциясини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2010 йил 27-29 сентябрь кунлари Москвада Юнесконинг Биринчи илк ёшдаги болаларни эрта ривожлантириш ва таълим бўйича Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтган. Уч кун давом этган конференцияда бутун дунё бўйлаб болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА