Мактабгача таълим: сифатга эътибор ошади
Самарқанд вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотлари сони 3 минг 600 тадан ошди. Ушбу муассасаларда 242 минг нафардан зиёд болалар тарбияланмоқда. Бу вилоятдаги мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 69,7 фоизини ташкил этади. Агар 2017 йилда вилоятда 564 та боғча фаолият кўрсатиб, уларда 63 минг нафардан ортиқ болалар тарбиялангани ва қамров 21 фоизни ташкил этганини ҳисобга олсак, бу албатта, яхши натижа.
Юртимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган эътиборнинг амалдаги самараси бу. Лекин бу марра эмас. Яқин беш йилда юртимизда болаларнинг мактабгача таълимга қамровини 80 фоизга етказиш белгиланди. Бунинг учун янги муассасалар қуриш ва мавжудларини кенгайтириш, шу билан бирга улардаги таълим-тарбия сифатини халқаро талаблар даражасига келтириш талаб этилади.
– Давлатимиз раҳбари 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси Тошкент шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича умумжаҳон анжуманида юксак эътироф этилганини алоҳида таъкидлади, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Зайниддин Жўраев. – Шунингдек, бу борадаги ишларни изчил давом эттириш орқали боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилиниши айтилди. Албатта, таълим ва тарбия тизимининг бошланғич бўғини бу – мактабгача таълим ҳисобланади. Шунинг учун мамлакатимизда мазкур бўғинга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятимиздаги боғчалар сони таҳлил қилинганда 2017 йилга нисбатан давлат боғчалари 179 тага, хусусий боғчалар 60 тага, давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар 127 тага ҳамда оилавий нодавлат боғчалар 2703 тага кўпайгани маълум бўлди. Соҳада нодавлат секторнинг улуши 2017 йилда 1 фоиз бўлгани ҳолда бугунга келиб 40,3 фоизга етди. Мазкур мактабгача таълим ташкилотларининг ташкил этилиши тарбияланувчилар сонини оширгани табиий.
Яна бир эътиборли жиҳати соҳада 4290 нафар ишсиз фуқаро бандлиги таъминланганидир. 2022 йилда вилоятда 435 та мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, қўшимча 47 минг нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинди. Шунингдек, 274 та бир йиллик бепул мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиб, 8400 нафар бола қабул қилинди. Натижада 6 ёшли болалар қамрови 91 фоизга етказилди. Шунингдек, вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида 20 та, жумладан, Қўшработ туманида 8 та, Ургут ва Нурободда 6 тадан замонавий давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилди. Инвестиция дастурига кўра, 920 ўринли 20 та боғча реконструкция қилинди. “Обод қишлоқ” дастури бўйича 810 ўринли 15 та мактабгача таълим ташкилотининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
– Бугунги кунда боғчага болаларни кун давомида олиб ўтирадиган маскан сифатида қаралмаяпти, балки болага илк таълим бериладиган, маданият, одоб-ахлоқ ўргатиладиган муассаса деб қараляпти – дейди З.Жўраев. – Ҳозир хорижий тиллар ўргатилмайдиган, спорт тўгараклари бўлмаган мактабгача таълим ташкилотлари бўлмаса керак. Ота-оналар фарзанди учун боғча танлаётганда шу жиҳатларга эътибор қаратмоқда. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда вилоятдаги ҳар бир муассасада “Қуриш-ясаш, конструкциялаш ва математика”, “Сюжетли ролли ўйинлар ва саҳналаштириш”, “Санъат”, “Тил ва нутқ”, “Илм-фан ва табиат” марказлари ташкил этилган ва дидактик, тарқатма материаллар билан жиҳозланган. Соҳада таълим-тарбия сифатини ошириш мақсадида 2022 йилда давлат бюджети ҳисобидан боғчалар 4 миллиард сўмлик 22 турдаги дидактик материаллар, ўқув-методик қўлланмалар, ўйинчоқлар ва ҳар хил турдаги спорт инвентарлари билан таъминланди.
Таълим-тарбия сифатини ошириш мақсадида тажрибали, ижодкор ва фидойи педагоглар таркиби шакллантирилиб, 2021 йилда вилоят “Маҳорат мактаби” ташкил этилди. Ҳозирда мазкур мактабнинг эксперт гуруҳлари томонидан боғчаларда меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши, тажрибали педагогларни “Устоз-шогирд” анъанасига кўра бириктириш, болажонларга таълим-тарбия беришда янгича ёндашув асосида машғулотлар ўтказилиши бўйича телеграм мессенжерининг расмий канали орқали кунлик янгиликлар ва методлар билан таништирилмоқда. Бу йил мактабгача таълим ташкилотлари директорларининг масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Йил давомида директорлар ўзаро касбий тажриба алмашади. Уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан вилоятнинг бошқа ҳудудларида жойлашган боғчаларда кўргазмали очиқ машғулот, ўқув-амалий семинар ҳамда “Ривожлантирувчи марказларни ташкил этиш тартиби” мавзусида тақдимот ўтказиш режалаштирилди. Бундан ташқари, жорий йилда Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти билан ҳамкорликда мактабгача таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг эгаллаган билимларини амалиётда қўллаши ва уларни вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларига ишга жойлаштириш ва бу орқали олий маълумотли педагогларнинг улушини йил якунига қадар 27,6 фоиздан 38 фоизга етказиш режалаштирилган.
Жорий йилда ота-оналарни таълим-тарбия жараёнига жалб қилиш, боғча ва мактаб ўртасида узлуксизликни таъминлаш, ташаббускор тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали уларга кенг имконият яратиш, нодавлат, давлат-хусусий шерикчилик тармоғини кенгайтириш орқали вилоятда боғча ёшидаги болалар қамровини оширишни мақсад қилганмиз.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА