Мактаб ўқувчиларига инсульт белгиларини аниқлашни ўргатувчи “FAST – суперқаҳрамонлар” халқаро дастури жорий этилади
Инсульт – инсон ҳаётини саноқли дақиқалар ичида ўзгартириб юбориши мумкин бўлган оғир хасталик. Шу боис унинг белгилари ҳақида ўз вақтида хабардор бўлиш муҳим аҳамиятга эга.
Президентимизнинг жорий йил 20 январдаги тегишли қарори асосида юртимизда илк бор Инфаркт ва инсультга қарши курашиш Миллий дастури қабул қилинди. Дастурга кўра, шу йилнинг 1 ноябридан мамлакатимиз умумтаълим мактабларида “Angels Initiative” халқаро ташаббус ташкилотининг “FAST – суперқаҳрамонлар” халқаро таълим дастури босқичма-босқич жорий этилади.
Лойиҳа биринчи синфдан тўртинчи синфгача бўлган ўқувчиларга мўлжалланган бўлиб, илк босқичда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 7 та ҳамда Самарқанд шаҳар, Каттақўрғон ва Иштихон туманларидаги 6 та умумтаълим мактабида машғулотлар ташкил этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
“FAST” тамойили инсультнинг асосий белгиларини осон эслаб қолишга ёрдам беради. У юздаги ўзгаришлар, қўлдаги ҳолсизлик, нутқ бузилиши ҳамда вақтни бой бермасдан ҳаракат қилиш зарурлигини англатади.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ишлаб чиқилган ушбу дастур Германия, Италия, Испания, Португалия, Бразилия, Канада, Греция, Исландия, Жанубий Африка Республикаси, Латвия, Словакия, Венгрия, Болгария ва Сингапур каби дунёнинг 40 га яқин давлатида 2 миллион нафардан ортиқ болани қамраб олган.
Ўзбекистонда “FAST — суперқаҳрамонлар” халқаро дастурининг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда саҳифаси ишга туширилди. У орқали дастурга оид маълумотлар, таълимий материаллар ва лойиҳа доирасидаги янгиликлар билан танишиш мумкин.
Лойиҳанинг асосий мақсади ўқувчиларга ўйин ва қизиқарли машғулотлар орқали инсультнинг дастлабки белгиларини таниш, ўз саломатлиги ва яқинлари соғлиғига масъулият билан муносабатда бўлиш ҳамда шошилинч вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
Дастурнинг яна бир муҳим жиҳати — болалар нафақат инсультнинг дастлабки белгиларини таниб олишни ўрганадилар, балки бу билимларни ота-оналари, бобо ва бувиларига ҳам етказадилар. Шу орқали оилаларда инсульт ҳақида хабардорлик ошиб, унинг белгиларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида тез тиббий ёрдам чақириш кўникмалари шаклланади.
Машғулотлар давомида болалар инсоннинг юзида асимметрия пайдо бўлиши, бир қўлини кўтара олмаслиги ёки гапиришда қийинчилик кузатилиши инсульт белгиси бўлиши мумкинлигини ўрганади.
Бундай ҳолатларда вақтни бой бермаслик, катталарни шошилинч хабардор қилиш ва “103” рақамига мурожаат этиш бўйича амалий тушунчалар берилади. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда тез тиббий ёрдам хизматининг аҳамияти сингдирилади.
Дастурнинг ўзига хос жиҳати, мураккаб тиббий тушунчалар болаларга уларнинг ёши ва идрокига мос равишда, ўйин элементлари, қаҳрамонлар ва видеоматериаллар ёрдамида етказилади.
Умуман, “FAST — суперқаҳрамонлар” дастури ўқувчиларнинг соғлиқни сақлаш борасидаги билимларини ошириш, оилаларда инсульт белгилари ҳақида хабардорликни кучайтириш ва шошилинч вазиятларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
М.Қосимова,
ЎзА