Мактаб-интернатда Наврўз байрами ўзига хос тарзда нишонланди
Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида баҳорнинг энг севимли, энг қадимий ва руҳий покланиш рамзи бўлган Наврўз байрами кенг нишонланди. “Наврўз шодиёнаси” дея номланган ушбу тадбир аввалидаёқ миллий анъаналарга хос безаклар, гуллар ва рамзий композициялар иштирокчиларни ҳақиқий баҳор муҳитига олиб кирди. Ўқувчилар томонидан ижро этилган саҳна кўринишлари эса нафақат бадиий жиҳатдан, балки мазмундорлиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Миллий либосларда намоён бўлган ёшлар ўз чиқишлари орқали урф-одатлар ва қадриятларимизни жонли тарзда кўрсатиб бердилар.
Шеърият ва мусиқа уйғунлиги тадбирга алоҳида жозиба бағишлади. Миллий қўшиқ ва рақслар, анъанавий ўйинлар иштирокчилар қалбида байрамона шукуҳни янада оширди. Айниқса, ёш истеъдодларнинг ўзига хос ижодий ёндашувлари томошабинлар томонидан гулдурос қарсаклар билан қарши олинди.
[gallery-28266]
Ўзбекистон Бадиий академияси тизимида фаолият юритаётган ушбу таълим муассасаси раҳбари, маҳоратли миниатюрачи рассом Баҳодир Бобоназаров ҳам тадбир аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди:
– Наврўз — бу шунчаки байрам эмас, балки халқимизнинг асрлар давомида сайқалланган маънавий мероси, инсонни эзгуликка, янгиланишга чорловчи улуғ айёмдир. Бугунги “Наврўз шодиёнаси” тадбири орқали ўқувчиларимиз нафақат ўз ижодий қобилиятларини намоён этдилар, балки миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматини ҳам амалда кўрсатдилар. Санъат — бу қалб тарбияси. Шу маънода бундай тадбирлар ёшлар онгига миллий ўзликни сингдириш, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Энг муҳими, болаларимиз анъаналарни фақат билибгина қолмай, уларни ҳис этиб, ҳаётларига татбиқ этаётгани биз учун энг катта ютуқдир.
Байрам дастурининг яна бир эътиборли қисми миллий таомлар кўргазмаси бўлди. Унда ўзбек миллий ошхонасининг ажралмас қисми бўлган сумалак, нишолда каби баҳорий неъматлар намойиш этилди. Ушбу таомлар нафақат мазаси, балки ўзида мужассам этган маъно — бирлик, сабр ва меҳр-оқибат рамзи сифатида ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ғулом Примов, Умид Обиджанов (сурат) ЎзА