Мактаб директорига суд ҳукми ўқилди
Коррупция - жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир.
Коррупция - жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Аксарият мансабдор шахслар бу атаманинг моҳиятини англаб етмасдан ўз мансаб мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказадиган, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келадиган ва бошқа салбий ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб келишмоқда.
Жумладан, 2020 йил 28 июль куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Кармана тумани судининг очиқ суд мажлисида Хатирчи тумани 62-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаган Анвар Ризаевга (исм-шариф ўзгартирилган) нисбатан бўлган жиноят иши кўриб чиқилди.
А.Ризаев ўзи раҳбарлик қилиб келаётган мактабда котиба вазифасида ишлаб келаётган Ф.Султоновани штат бирлиги кадрлар бўйича менежерга ўзгарганидан фойдаланиб, уни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг103-моддасига кўра меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун бериладиган имтиёзли ҳуқуққа эга эканлигини билгани ҳолда, пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан туширган. Ф.Султоновага иш ўрни қисқарганлиги ва бошқа иш ўрни мавжуд эмаслиги важи билан тузилган меҳнат шартнома бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хати беради.
Шундан сўнг, мазкур мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Ў.Султонов турмуш ўртоғи Ф.Султонова билан янги меҳнат шартномаси имзолаш ва ишда қолдиришни сўраб мурожаат қилганидан ундан тамаъгирлик йўли билан 200 АҚШ доллари миқдорида пора беришни талаб қилади. Сўнг ундан кимёвий ишлов берилган 1 млн. 200 минг сўм пулларни ўзининг хизмат хонасида олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланади.
Суд, А.Ризаев айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, шахсини, ёшини, оилавий шароитини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини инобатга олиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан ЖКнинг 45,57-моддалари тартибида 2 йил муддатга халқ таълими соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жаҳонгир Каримов, жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди раиси