Макроннинг Дамашқ сафари нимани англатади?
Франция Президенти Эммануэль Макрон Сурияга келди. Бу мамлакатда ҳокимият алмашгандан кейин Ғарбий Европа давлати раҳбари даражасида амалга оширилган илк расмий ташрифдир.
Дамашқ аэропортида Франция раҳбарини ташқи ишлар вазири Асад Аш-Шибоний кутиб олди. Сафари доирасида Макрон Президент Аҳмад Аш-Шараъ билан музокара ўтказади. Учрашувда мамлакатдаги сиёсий жараён, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик ва сармоя масалалари муҳокама қилиниши кутиляпти.
Макрон ижтимоий тармоқда эълон қилган мурожаатида Франция Сурия халқи билан ҳамкорликни давом эттиришини таъкидлаб, суверен, барқарор ва қўшни давлатлар билан тинч муносабат ўрнатаётган ушбу араб давлатини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Сурия раҳбари Франциянинг мамлакатдаги ўтиш даври жараёнида тутган ўрнини ижобий баҳолади. Унинг таъкидлашича, Париж Дамашққа нисбатан халқаро санкцияни юмшатиш масаласида фаол позиция намоён этган.
Ташриф якунида томонлар қатор ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаши ҳамда қўшма матбуот анжумани ўтказиши режалаштирилган. Мутахассислар мазкур воқеани Франция ва Сурия муносабатидаги янги босқич сифатида баҳоламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА