Макрон Ле Пенни Россия ҳукуматига ва Путинга тобеликда айблади
Франциянинг амалдаги Президенти Эммануэль Макрон ўзининг рақиби “Миллий бирлашув” ўта ўнгчилар партияси етакчиси Марин Ле Пенни Россия ҳукуматига ва РФ Президенти Владимир Путинга тобеликда айблади.
"Сиз 2014 йилда Қрим аннекцияси натижасини тан олган Европадаги биринчи сиёсатчи бўлгансиз. Бу бизнинг мамлакатимиз учун ёмон янгилик. Сиз Россия ҳукуматига, жаноб Путинга тобесиз", – деди Макрон Ле Пен билан уюштирган телебаҳсда.
У шунингдек, Ле Пенни 2017 йилда Россия банкидан кредит олганликда ҳам айблади.
"Мен бу ишни Франция банклари кредит беришни истамагандан кейин қилдим", – деб жавоб берди унга Ле Пен.
Франция Президенти сайловининг биринчи давраси 10 апрелда бўлиб ўтди. Франция ички ишлар вазирлиги берган маълумотда айтилишича, ўшанда Макрон 27,84 фоиз овоз олган, Ле Пен эса 23,15 фоиз овоз билан қаноатланишга мажбур бўлган. Келаётган якшанба куни сайловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.