Макка келишуви: Ислом дунёсида янги геосиёсий мувозанат шаклланяптими?
Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида 7 август куни Маккаи Мукаррамада имзоланган “Макка қўшма мудофаа келишуви” таҳлилчилар томонидан ҳарбий битимдан кўра, кенг қамровли сиёсий хавфсизлик, минтақалардаги куч мувозанати, стратегик мустақиллик ва Ислом дунёсида янги ҳамкорлик шаклига туғилган эҳтиёж сифатида баҳоланяпти. Келишувни Жаҳон мусулмон уламолари уюшмаси қўллаб-қувватлаб, барча мусулмон давлатларини ҳам жараёнга қўшилишга чорлаши эса ташаббусга янада кенг маъно бермоқда.
Халқаро тизим хавфсизлигига оид эски кафолат қайта кўриб чиқилаётган бир пайт уч йирик давлат умумий мудофаа механизмини яратишга интилиши тасодиф эмас. Яқин Шарқдаги кескинлик, минтақавий рақобат ва ташқи кучларга қарши кураш усуллари давлатларни ўз имкониятига таянган ҳолда янги механизмлар излашга ундамоқда.
Мазкур битим аъзолар бир-бирини ҳарбий жиҳатдан тўлдиришига асосланган. Бошқача айтганда, Туркия ҳарбий технологияси ва мудофаа саноати, Покистоннинг ҳарбий салоҳияти, Саудиянинг иқтисодий имконияти бир нуқтада бирлашмоқда.
Анқара нуқтаи назари бўйича лойиҳанинг аҳамияти фақат Яқин Шарқ билан чекланмайди. Зеро, ушбу мамлакат сўнгги йилларда мудофаа саноатидаги салоҳиятини сезиларли даражада оширди. Дрон, ракета технологияси, ҳарбий кема, электрон тизим каби муҳим мудофаа маҳсулотлари Туркиянинг ташқи сиёсий майдондаги ўрнини тобора кучайтирмоқда. Шу боис Саудия ва Покистон билан яқин мудофаа ҳамкорлиги мудофаа саноати учун янги бозор, қўшма ишлаб чиқариш ва технология алмашинуви имкониятини кенгайтиради. Яна бир муҳим жиҳат бор: минтақа бўйлаб қарор қабул қилиш жараёнида мустақил стратегик марказ ролини кучайтириш. Яъни Туркия шу орқали фақат шерик эмас, балки янги минтақавий хавфсизлик манзарасининг асосий фигураси бўлишга ҳаракат қилиши мумкин.
Саудия учун асосий масала - хавфсизлик. Улкан иқтисодий ресурсга эга бўлса-да, бу давлатнинг географик жойлашуви минтақавий хавф таъсирида қолиш эҳтимолини оширяпти. Демак, кучли миллий мудофаа билан бир қаторда, ишончли стратегик шерикларга эга бўлиш ҳам муҳим. Туркия билан ҳарбий-технологик ҳамкорлик, Покистон билан анъанавий мудофаа алоқаси ва уч томонлама шакл мамлакатга хавфсизлик имкониятини яхшилаш имконини беради. Қолаверса, Ар-Риёд ташқи хавфсизлик кафолатига тўлиқ таяниш ўрнига, минтақадаги мусулмон давлатлари билан стратегик алоқани мустаҳкамлашга интилаётгандек.
Покистон эса алоҳида масала. Яъни, мазкур ўлка ҳарбий салоҳияти билан яққол ажралиб туради. Исломободнинг Саудия билан стратегик муносабати аввалдан шакланган. Туркия билан ҳам мудофаа ва ҳарбий-технология соҳаларида яқин алоқа мавжуд. Уч томонлама шакл эса Покистон учун амалдаги шерикликни янада кенгайтиради. Энг муҳими, Покистон расмийлари келишувни мудофаа хусусиятига эга механизм сифатида таърифлаб, бошқа давлатлар учун ҳам очиқ майдон сифатида кўрсатмоқда.
Айни ҳолат муҳим майдон келажакда кенгайиши ҳақидаги тахминни кун тартибига олиб чиқади. Кейинчалик бошқа мусулмон давлатлари қўшилиши ҳисобига умумий ҳарбий машғулот, мудофаа саноати лойиҳалари, разведка маълумоти алмашинуви ва қўшма хавфсизлик механизми шаклланса, мазкур ташаббус аста-секин минтақавий хавфсизлик тизимига айланиши эҳтимоли юқори.
Жаҳон мусулмон уламолари уюшмаси ҳам айнан шу нуқтага урғу бермоқда.
Тузилма томонларни қўллаб-қувватлар экан, лойиҳани сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, илмий ва тараққиёт соҳаларига ҳам кенгайтириш зарурлигини таъкидлаяпти. Шунингдек, мусулмон давлатларига қарата жараёнга қўшилиш тўғрисидаги чақириқнинг амалий аҳамияти беқиёс. Зеро, Ислом дунёсида улкан бозор, сармоя жамғармалари, технология шериклиги, мудофаа саноати кооперацияси, таълим дастурлари ва илмий тадқиқот учун улкан салоҳият мавжуд. Яъни, давлатларнинг умумий сиёсий иродаси билан хавфсизлик соҳасида бошланган шериклик кенг ва изчил иқтисодий интеграцияга ҳам туртки беради.
Бу жараёндаги асосий тўсиқ, таъбир жоиз бўлса, жиддий муаммо Ислом дунёси ичидаги айрим тафовутлардир. Мусулмон давлатларининг ташқи сиёсати бир хил эмас, миллий манфаати, иқтисодий модели, минтақавий рақобат ва ташқи кучларга муносабати турлича. Агар ташаббус уч давлат доирасидан чиқмаса, ўта муҳим бўлишига қарамасдан, чекланган мудофаа механизми бўлиб қолаверади. Формат кенгайиб, турли соҳаларда умумий механизм яратилса, Маккада имзоланган ҳужжат Ислом дунёсида янги геосиёсий ҳамкорлик даврини бошлаб бериши мумкин.
Нодира Қаюмова, ЎзА