Маҳкамбой мамлакат босқичига боради
Наманган шаҳридаги “IT-park” биносида "Соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғини бўйича йилнинг энг яхши “IT” оператор-ҳамшираси" кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов сўзга чиқиб, бугунги ахборот коммуникация технологиялари ривожланган бир даврда ўрта тиббиёт ходимлари рақамлаштириш борасида етук билим ва кўникмаларга эга бўлиши ҳаётий зарурият эканлигини таъкидлади.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ҳамда Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида илк бор ташкил этилган ўзига хос танловда шаҳар, туманлардан сараланган 14 нафар иштирокчи билим ва маҳоратини синаб кўрди. Нуфузли мутахассис ва олимлардан иборат ҳакамлар ҳайъати қатнашчиларнинг чиқишларини диққат билан кузатиб, одилона баҳолаб борди.
Ўрта тиббиёт ходимлари орасидан ўз касбининг моҳир эгаларини саралаш, “IT” технологияларини тиббиёт амалиётига тадбиқ этишни рағбатлантириш, ахборот тизимларидан самарали фойдаланиш, рақамли трансформация жараёнларида фаол оператор-ҳамшираларни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилди.

Муросасиз тус олган танловда ҳар бир иштирокчи билими, малака ва касбий кўникмасини намоён этишга интилди. Унда қизиқарли тақдимотлар, фикрлар тортишуви, маҳорат намойиши яққол кўзга ташланди.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, зукко ва билимдон ходимлар баҳсида касбий тажрибаси ва технологик билимлари билан алоҳида ажралиб турган Янгиқўрғон туманидаги “Поромон” оилавий шифокорлик пункти фельдшери Маҳкамбой Турсунбоев ғолиб, деб топилиб, танловнинг республика финал босқичига йўлланма олди.

Шунингдек, кўрикда фахрли иккинчи ўринни Наманган шаҳридаги 9-сонли оилавий поликлиникаси ўрта тиббиёт ходими Дилноза Холмирзаева эгаллаган бўлса, Чуст туманидаги “Қорақўрғон” оилавий шифокорлик пункти ҳамшираси Гулҳаё Йўлдошевага учинчи поғона насиб этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА