Маҳаллийлаштириш: инновацион ғоялар саноат амалиётига татбиқ этилмоқда
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида импортга қарамликни камайтириш, ички ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланиш ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Хусусан, “Саноат учбурчаги” дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар натижасида 137 та товар позицияси бўйича жами 200,4 миллиард сўмлик маҳсулот ва эҳтиёт қисмларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу жараёнда комбинатнинг энг йирик мега лойиҳаларидан бири доирасида барпо этилган 3-Мис бойитиш фабрикаси эҳтиёжларини маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, “Шатакка олиш” механизми асосида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик кенгайтирилиб, “Карбон Полимер” МЧЖ томонидан конвеер линиялари учун 50 дан ортиқ турдаги роликлар ишлаб чиқарилмоқда. Анъанавий металл ўрнига полимердан тайёрланаётган мазкур роликлар дастлабки синовлардан муваффақиятли ўтган. Уларнинг енгиллиги тасманинг ейилишини ҳамда конструкцияларга тушадиган оғирлик юкламасини камайтириш имконини бермоқда.
Шунингдек, ушбу корхонада конвеер ленталарига ёпишиб қоладиган тоғ жинсларини тозалаш учун махсус скрибоклар — қирғичлар ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилди. Ҳозирга қадар 3-Мис бойитиш фабрикасига 120 дона ана шундай эҳтиёт қисм етказиб берилди.

Конвеер ленталари ва бункерларнинг юк тушадиган қисмларига ўрнатилаётган полимер амортизация ёстиқчалари эса йирик тошларнинг зарбасини камайтириб, лентанинг темир асосга урилиши ва эрта ишдан чиқишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Маҳаллийлаштириш жараёни “Ларокс” (Larox) пресс-фильтр ускуналари эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришни ҳам қамраб олди. Хорижда ишлаб чиқарилган мазкур ускуналар учун зарур деталларни маҳаллий корхонада тайёрлаш йўлга қўйилиб, фабрика шароитидаги синовлар ижобий натижа берди. Бу эса келгусида комбинатнинг салмоқли миқдордаги валюта маблағларини тежаш имконини беради.
Фабрикада тоғ жинслари аралашмаси — пульпа оқими таъсирида қувурлар, тош майдалаш тегирмонлари ва элакларнинг тез ейилиши муаммосига ҳам маҳаллий инновацион ечимлар таклиф этилмоқда. Жумладан, мазкур ускуналар ички қисмларини енгил ва чидамли полимер қопламалар билан ҳимоялаш ишлари амалга оширилмоқда.

Муҳими, бундай лойиҳалар фақат алоҳида эҳтиёт қисмларни маҳаллий ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмаяпти. Улар комбинатнинг хорижий етказиб берувчиларга боғлиқлигини камайтириш, валюта маблағларини тежаш, маҳсулот таннархини оптималлаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш занжирини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу тариқа, маҳаллий корхоналарнинг йирик саноат корхоналари билан кооперацияси янги маҳсулот ва технологияларни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратиш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
А.Мусаев, ЎзА