Маҳаллийлаштириш дастури амалда
Навоий кон-металлургия комбинатининг жадал ривожланиши, янги гидрометаллургия заводлари ва конларнинг ишга туширилиши замонавий технологик ускуналарга бўлган эҳтиёжни кескин оширмоқда. Ана шундай шароитда комбинатнинг асосий машинасозлик базаси ҳисобланган Навоий машинасозлик заводи нафақат эҳтиёт қисмлар, балки йирик технологик мажмуаларни ҳам маҳаллийлаштириш орқали мамлакат саноати тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Корхона 2008 йилдан буён маҳаллийлаштириш дастурида иштирок этиб келади. Шу вақт мобайнида тоғ-кон саноатида қўлланиладиган эҳтиёт қисмларнинг 70 фоиздан ортиғи маҳаллийлаштирилди. Бугунги кунда гидрометаллургия заводлари, конлар ва бойитиш мажмуалари учун зарур бўлган шарли тегирмонлар, гидроциклонлар, конвеерлар, насослар, металлоконструкциялар ҳамда юзлаб турдаги ностандарт ускуналар айнан шу ерда ишлаб чиқарилмоқда.
- Сўнгги йилларда ишга туширилган 5-, 6- ва 7-гидрометаллургия заводлари ҳамда янги конларнинг технологик ускуналарини таъминлашда заводнинг ҳиссаси айниқса салмоқли бўлмоқда, - дейди корхона директори Жаҳонгир Ҳайитов. - Бугун гидрометаллургия заводлари учун капитал қурилиш дастури асосида ишлаб чиқарилаётган технологик ускуналарнинг қарийб 90 фоизи маҳаллийлаштирилгани ушбу йўналишда эришилган энг муҳим натижалардан биридир.
ID: 446392
Жумладан, 2025 йилда корхонада 1 триллион 711 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 111,1 фоизни ташкил этди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилган 103 та лойиҳа бўйича эса 1 триллион 146,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилга нисбатан 37,4 фоизлик ўсиш демакдир. Капитал қурилиш дастури доирасида эса 8 тўплам йирик технологик ускуна тайёрланди. Улар орасида ГМЗ-7 учун бешта МШЦ 55×85 русумли шарли тегирмон, ГМЗ-2 учун учта ММС 70×23 тегирмони ҳамда Марказий рудани қайта ишлаш бошқармаси учун ПС-2000 ўзи юрар перегружатели ишлаб чиқарилди.
Корхонада жорий йилда 1 триллион 882,1 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш дастури бўйича эса 1 триллион 344 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлаш кўзда тутилган. Айни пайтда комбинатда 160 га яқин шарли тегирмондан фойдаланилмоқда. Илгари уларнинг кўплаб эҳтиёт қисмлари хориждан харид қилинган бўлса, бугун уларнинг асосий қисми НМЗда ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса импорт ҳажмини қисқартириш, таъмирлаш муддатини тезлаштириш ва валюта маблағларини тежашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маҳаллийлаштириш натижалари янги инвестициялар билан мустаҳкамланмоқда. 2017-2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 25,1 миллион АҚШ долларига тенг иккита йирик лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, механика-йиғув цехини техник ва технологик қайта жиҳозлаш доирасида Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган замонавий рақамли бошқарув тизимига эга учта йирик дастгоҳ ўрнатилди.
Қуймачилик цехида амалга оширилган модернизация эса янада катта самара бермоқда. Бу ерда 25 тонналик эритиш печи, замонавий қолиплаш машиналари ва пневмотранспорт тизимлари ўрнатилди. Натижада қуйма маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 35 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 40 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Ҳозирда механик йиғув цехининг йирик габаритли деталларга ишлов бериш участкаси кенгайтирилмоқда. Мавжуд ишлаб чиқариш майдони яна 120 метрга узайтирилиб, яна олтита замонавий корейс дастгоҳи ўрнатилади. Бу маҳсулот сифати ва меҳнат унумдорлигини ошириш, шунингдек, тегирмонлар, майдалагичлар ва бошқа тоғ-кон ускуналари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш имконини беради.
Корхона олдидаги навбатдаги муҳим вазифалардан бири карьер техникасини маҳаллийлаштиришдир. Яқин истиқболда 5 куб метрли чўмичга эга экскаваторлар ҳамда бурғилаш ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Навоий кон-металлургия комбинатида 2030 йилга қадар тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 120 тоннага етказиш мақсад қилинган. Бу эса гидрометаллургия заводлари, карьерлар ва қайта ишлаш мажмуаларининг қувватларини янада оширишни талаб қилади. Ушбу улкан вазифаларни бажаришда Навоий машинасозлик заводининг ўрни беқиёс. Чунки бугун комбинатда ишлатилаётган механик ускуналарнинг қарийб 90 фоизи айнан шу ерда ишлаб чиқарилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари