Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имконият
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги масъуллари иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда иштирокчиларга Президентимизнинг 2026 йил 4 февралдаги “Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони моҳияти тушунтирилди.

Фармонга мувофиқ, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш мақсадида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилиб, саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди. Хусусан, Саноат кооперациясини ривожлантириш жамғармаси орқали 10 миллион долларгача имтиёзли кредит (хорижий валютада йиллик 6 фоиз, миллий валютада йиллик 12 фоиз), янги турдаги юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун 30 фоизгача субсидия (технология трансфери, бренд, товар белгилари ҳуқуқини олиш учун), саноат стартапларига 50 фоизгача субсидиялар ажратилади.
2026 йил 1 апрелдан бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 8-15 фоизгача нарх преференцияси, 1 сентябрдан давлат харидларида иштирокчилар учун электрон-скоринг тизими, 1 октябрдан бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида маҳаллий хизматларга 15 фоиз нарх преференцияси қўлланилиши тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратилиши қайд этилди.

Учрашувда маҳаллий тадбиркорларнинг давлат харидлари тизимида иштирок этиш, маҳсулотларни сотиш механизми, электрон платформалардан самарали фойдаланиш, йирик корхоналар билан кооперацияни йўлга қўйиш, маҳаллий ишлаб чиқарилган товарни рўйхатдан ўтказиш, маҳсулотларга миллий сертификат олиш юзасидан маълумот берилди.
– Мулоқотда маҳаллий сертификат олиш тартиби, таомиллари, камчиликлари бўйича тадбиркорлар томонидан таклифлар билдирилди, – дейди “Самарқанд экспертиза” МЧЖ эксперти Шаҳбоз Аҳмаджонов. – Бу таклифлардан келиб чиқиб амалдаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида маълумот тайёрланди. Масалан, ҳозирги тартибда маҳаллий сертификат олиш учун уч хил мезон қўлланилади. Яъни, маҳсулотингиз тўғридан-тўғри Ўзбекистон ҳудудида етиштирилган, ишлаб чиқарилган бўлиши, маҳсулотнинг ишлаб чиқариш даражаси камида 30 фоиз бўлиши, маҳсулот ва хомашё кодининг дастлабки тўртта рақамида ўзгариш бўлиши керак. Бу мезонлар кўплаб тадбиркорларга маҳаллий сертификат олишда бирмунча қийинчилик туғдирмоқда. Шу боис, ўрганишлар, очиқ мулоқотларда билдирилган таклифлар асосида янги низом устида ишлар олиб борилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА