Маҳаллаларда “Маҳалла муҳофазаси” хизмат хоналари ташкил этилади
Пойтахтимизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, ушбу ҳамкорлик меморандуми маҳаллаларда фавқулодда вазиятларнинг барвақт олдини олиш ва оқибатларини камайтириш орқали маҳаллаларни фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланган ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, тадбир давомида Президентимизнинг 2025 йил 20 октябрдаги “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда профилактик тадбирларни “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тартибида амалга ошириш, аҳолида хавфсизлик маданиятини ошириш ҳамда маҳалла биноларида фавқулодда вазиятлар органлари Давлат назорати инспекторлари учун “Маҳалла муҳофазаси” хизмат хоналарини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат назорати инспекторларининг "маҳалла еттилиги" билан самарали ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш ва "Фавқулодда вазиятлар волонтёри" жамоатчилик гуруҳларини шакллантириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ушбу ҳамкорлик меморандуми аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш ва бу ишлар аввало маҳалладан бошлаб ташкил этилишига хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА