Маҳаллаларда криминоген вазият яхшиланмоқда
ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов Юнусобод туманининг “Қашқар” маҳалласида жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги қарори билан маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилган эди. Мазкур қарор асосида сўнгги йилларда “қизил” тоифада қолаётган “Қашқар” маҳалласида ҳам тизимли ишлар бошлаб юборилди.
Маҳаллага бириктирилган академия профессор-ўқитувчилари томонидан криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар илмий-амалий ёндашувлар асосида ўрганилиб, уларни бартараф этишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ҳудудий “йўл харита” ижросини таъминлаш мақсадида жойларга 5 та ташвиш тугмаси, 28 та замонавий камера ўрнатилиб, 18 та объект техник қўриқловга олинди. Хонадонларни ўрганиш давомида 16 нафар алоҳида тоифадаги, 8 нафар ижтимоий профилактика объекти бўлган шахс аниқланиб, “еттилик” ходимларига бириктирилди. Маҳаллада 2 та “хавфсиз уй” ва битта “хавфсиз кўча” ташкил қилинди.
Бугунги кунда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш орқали криминоген вазиятни барқарорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ижтимоий профилактика ҳафталиги”, сайёр қабул, меҳнат ярмаркаси ва бошқа тадбирлар орқали ҳар бир оила, хонадондаги ижтимоий-маиший муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.
Академия бошлиғи маҳалла фаоллари билан учрашувда криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Маҳаллада хавфсиз ва барқарор муҳитни шакллантиришда фуқароларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш, алоҳида тоифадаги шахслар билан профилактик ишларни кучайтириш, “жиноят ўчоқ”ларига барҳам бериш, ҳар бир мурожаатга тезкорлик билан жавоб бериш зарурлигини қайд этди.
Шу билан бирга, учрашувда низоли оилалардаги муаммоларга ечим топиш, ижтимоий-маиший муҳитни соғломлаштириш, кўп содир қилинаётган жиноятлар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, “маҳалла еттилиги”нинг аҳоли билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, маҳаллани “яшил” тоифага ўтказиш борасида тавсиялар берилди.
Ўрганишлар якунида келгусидаги вазифалар юзасидан қатор вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати