Маҳаллалар янги биноларда иш бошлади
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари маъмурий биносини янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мустақиллик байрами муносабати билан Сайёд, Мироб, Солур, Дўрман, Дарғабоғи, Жиғачи, Қоракўл каби ўндан зиёд маҳаллалар қаторида ҳудуддаги Вахим, Мустақиллик, Човли маҳаллалари идоралари ҳам бутунлай янгича андозада қуриб фойдаланишга топширилаётгани кўпдан кутилган янгилик бўлди. Негаки, бу маҳаллалар маъмурияти шу кунга қадар ўз биносига эга бўлмаган, турли иншоотларда ижара асосида фаолият юритиб келаётган эди.


– Ёчили, Навбаҳор, Гулистон, Човли, Қирққалъа каби бешта қишлоқдан таркиб топган маҳалламизда бугунга келиб 822 та хонадон, 1233 та оила ва уларда жами 4 минг 400 га яқин аҳоли истиқомат қилиб келмоқда, – дейди “Човли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муроджон Беҳбудов. – Шу кунгача биз ҳам қўшни “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини идораси каби собиқ қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи биносидан жой олиб, мослаштирилган шароитда бир амаллаб ишлаб келаётган эдик. Ҳукуматимизга, туман ҳокимлигига раҳмат, ўтган йил кузида фойдаланилмаётган ердан 12 сотих ер майдони айнан маҳалла идораси учун ажратиб берилди. Унинг қурилишига 240 миллион сўм молиялаштирилди. Тажрибали бинокор Аброр Бақоев бошчилигидаги “Қоракўл монтаж декор” МЧЖ жамоаси бизга пишиқ ғиштдан янги шинам бинони қуриб топширди. Бу бинода масъуллар учун 7 та хона бўлиб, алоҳида жиҳозладик.


– Худди шундай, Мустақиллик маҳалласи раиси ва ёрдамчилари шу кунгача касб-ҳунар коллежида, профилактика инспектори эса 54-сон оилавий поликлиниканинг бир хонасида аранг иш юритиб келишган, – дейди маҳаллада истиқомат қилаётган меҳнат фахрийси, кекса ўқитувчи Усмон Нурбоев. –Ниҳоят, маҳалла обод қилиниб, бир йилда 2 та иншоот, яъни Манзилобод-1 қишлоғида 120 нафар болажонни ўз бағрига олган 35-сонли, Манзилобод-2 қишлоғида 65 нафар жажжи ўғил-қиз қатновига мўлжалланган 37-сонли мактабгача таълим ташкилотлари қуриб фойдаланишга топширилди. Шу баҳонада бултур кеч кузда маҳалла марказидан 3 сотих ер майдони ажратилиб, ўзини ўзи бошқариш органи идораси учун туман бюджети ҳисобидан 220 миллион сўм сармоя сарфланадиган бўлди. Бу биз учун жуда катта янгилик эди. Мана, бугун мамлакатимиз мустақиллиги байрами кунида замонавий шинам бинога эга бўлдик.
“Вахим” маҳалла фуқаролар йиғини маъмурияти ҳам шу кунга қадар ҳудуддаги 45-сонли умумтаълим мактаби биносида ижарада ишлаб келган. Ниҳоят, маҳалла фаолияти долзарб аҳамиятга эга бўлган бир даврда 3 сотихча келадиган ер майдони танланиб, бир неча ойда маҳалла учун алоҳида бино қуриб берилгани айни муддао бўлди. Пудратчи томони Элёр Каримов бошчилигидаги “Элбек Шойиқулов” МЧЖ жамоаси томонидан барпо қилинган шинам идора иншооти учун маҳаллий бюджетдан 280 миллион сўм маблағ сарфланган.

Мазкур маҳалла идоралари маъмурий бинолари улардаги масъулларга мос 7 тадан иш хонасига эга бўлиб, ҳар бири 3 тадан кондиционер ва бошқа зарур мебел ва компюьтер воситалари билан жиҳозланган.
Замонавий андозадаги биноларни фойдаланишга топшириш маросимида туман ва секторлар раҳбарияти, маҳалла оқсоқоллари, жамоатчилик вакиллари ҳозир бўлди.
Очилиш маросимларида таъкидланганидек, Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг асл мақсади мамлакатни эртанги кундаги ривожланишининг муҳим босқичи, аввало, маҳалла институтининг фаолиятини янада такомиллаштириш ва нуфузини янада юксалтиришга қаратилган. Ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, юртимиз тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш масалалари туман ҳокимлиги мутасаддиларининг доимий эътиборида бўлади.
Албатта, бу каби янгиликлар юртимизда кечаётган янгиланиш ва бунёдкорликлар, мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ тўйига муносиб тўёнадир.
Зариф Комилов, ЎзА