Маҳаллалар қиёфаси ўзгармоқда
Президент ташрифидан сўнг
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида ҳудудларда аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратиш, коммунал инфратузилмани яхшилаш ва кўп қаватли уй-жой фондини замонавийлаштириш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилган эди. Бугун вилоятда ана шу топшириқлар ижроси доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Айниқса, кўп квартирали уйларни таъмирлаш, уларнинг туташ ҳудудларини обод қилиш ва иссиқлик таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар воҳанинг шаҳар ва туманларига мутлақо янги қиёфа бағишламоқда.
Бугунги кунда вилоятда 2566 та кўп квартирали уй мавжуд бўлиб, уларга 35 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилда давлат дастурлари, маҳаллий бюджет, бошқарув сервис компаниялари ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қарийб 300 миллиард сўм йўналтирилиб, 1783 та кўп қаватли уй ва уларнинг умумий фойдаланиш ҳудудларида мукаммал ҳамда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Хусусан, 1439 та уйнинг фасад қисми базальт қопламаси билан янгиланди. 323 та уйнинг 286 минг 900 квадрат метр том қисми, 317 та кириш йўлаклари, 51 та уйнинг ертўла қисми ва ички муҳандислик коммуникациялари, 24 та уйнинг ички иссиқлик тизими таъмирланди. Шунингдек, 2274 та электр тақсимловчи шит ва 1193 квадрат метр фрамуга ромлари янгиланди, 542 та кодли темир эшик ўрнатилди.
Туташ ҳудудларда ҳам ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. 56 та болалар майдончаси барпо этилди, 66 минг квадрат метр пиёдалар йўлаклари бетон қоплама билан қопланди, 1296 та ташқи тунги ёритиш мосламаси ўрнатилди. Натижада кўп қаватли уйлар атрофидаги муҳит нафақат обод, балки хавфсиз ва қулай ҳудудга айланмоқда.

Бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида янада жадаллашди. Мазкур қарор доирасида 2026 йилда Жиззах вилояти шаҳар ва туманларида 28 миллиард 315 миллион сўм бюджет маблағлари ҳисобидан 55 та болалар майдончаси, 4806 погон метр ирригация тармоқлари, 19 минг квадрат метр бетон қопламали йўлаклар қурилиши режалаштирилган
Энг муҳими, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқарув сервис компанияларининг тенг улушдаги маблағлари ҳисобидан 346 та кўп квартирали уйда кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

— Мазкур дастур доирасида уйларнинг том қисми, кириш йўлаклари ва муҳандислик коммуникациялари босқичма-босқич янгиланади, — дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бўлимининг бошлиғи Асқар Орифхўжаев. — Шунингдек, кодли эшиклар, энергия тежамкор ёритиш ускуналари, ташқи чироқлар, ўриндиқ ва чиқинди қутиси ўрнатилади. Асосий мақсад — аҳоли учун хавфсиз, қулай ва замонавий яшаш муҳитини яратиш.
Вилоятда иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш борасида ҳам муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 11 мартдаги “Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат бўлмоқда.

Ҳозирда вилоятда “Иссиқлик таъминоти” тизимига қарашли 12 та қозонхона фаолият юритиб, 159 та кўп қаватли уй ва 24 та ижтимоий соҳа объектини марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминламоқда.
Шунингдек, Жиззах шаҳридаги “Иттифоқ” маҳалласи ҳудудида когенерация технологияси асосида 5,1 мегаватт электр ва 14 мегаватт иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи янги тизимни барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 6 километр иссиқлик тармоқлари ва 67 та иссиқлик пунктлари қурилади.
Шароф Рашидов туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида қўшимча 3,8 километр иссиқлик тармоқлари қурилиши бошланган бўлса, Дўстлик туманининг “Чинобод” маҳалласида янги қозонхона ишга туширилиб, 19 та кўп қаватли уй ва 3 та ижтимоий соҳа объекти марказлашган иссиқлик тармоғига уланди.
Мутахассислар фикрича, амалга оширилаётган лойиҳалар аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, энергия тежамкорлигини таъминлаш ва табиий газ сарфини қисқартириш билан бирга, Жиззахнинг замонавий шаҳар қиёфасини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири