Маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланмоқда
Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов шаҳар, туманларда бўлиб, оғир ҳудуд саналган маҳаллаларнинг инфратузилмаси ва аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда бандлигини таъминлаш борасида амалий ишларни бошлаб берганди.
Хусусан, бу борада Янгиқўрғонда ҳам тўртта сектордан танлаб олинган маҳаллаларда иш қизғин кетмоқда.
Деҳқонобод маҳалласи туман марказидан қарийб 15-16 километр узоқликда жойлашган. Аҳолини асосан тоза ичимлик сувига эҳтиёжи катта. Шу боис 250-300 метр чуқурликдан сув чиқаришга киришилди. Шунингдек, электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида қўшимча трансформатор ўрнатилди. Вилоят ҳокими ўринбосарлари, соҳага дахлдор мутасаддилар маҳалла фаоллари билан учрашиб, олдинда турган вазифалар, янги лойиҳа ва таклифлар хусусида суҳбатлашди.
Ҳадикент маҳалласида ҳам 10-15 йилдан бери аҳоли тоза ичимлик сувига эҳтиёж сезиб келарди. Хайрли ишлардан бири шуки, 3,9 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортиляпти. Аҳамиятлиси шундаки, бу юмушларда маҳалла аҳли ҳам фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, йўлларни таъмирлаш, мобиль алоқа сифатини яхшилаш борасида ҳам амалий ишлар қилинмоқда.
Аҳоли билан бўлган мулоқотда ҳудудда саноатни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш сингари масалаларда сўз борди.
Қорасув маҳалласидаги кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қизғин. Биноларнинг фасад қисми, кириш йўлаклари таъмирланмоқда. Учрашув давомида аҳолининг таклиф ва истаклари тингланиб, мурожаатлар тегишли соҳа мутасаддилари томонидан ўрганилди.
Янгиқўрғондаги маҳаллаларда инфратузилмани янгилаш ва аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш бўйича ишлар давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА