“Маҳалладан хонадонгача” тамойили амалда
Халқимизда эзгу мақсадларни ўзида мужассамлаштирган қадриятлар кўп. Шундай қадриятлардан бири ҳашар. Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат мужассам. Маҳалла аҳли бирлашиб, кўчалар ва аҳоли турар жойларида ободонлаштириш ишларини амалга оширади.
Бугун юртимизнинг барча гўшаларида мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш мақсадида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллигини кенг нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кўламини янада кенгайтириш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмалари ҳолатини яхшилаш, “Маҳалладан хонадонгача” тамойили асосида маҳаллалар ҳудудларини ободонлаштириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 30 июлдан 30 августгача республикамизда “Ободонлаштириш ойлиги” эълон қилинди.

Ойлик доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Фонднинг вилоят бўлими томонидан Навоий шаҳар “Янгиариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи ижтимоий ҳимояга ва ўзгалар парваришига муҳтож бўлган оилаларнинг хонадонларида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Неъмат бобо Жумаев 1938 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1961 йилдан 2000 йилгача Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида Қишлоқ хўжалиги университети Ветеринария факультетида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Айни пайтда Навоий шаҳри, кўчасида истиқомат қилади. Турмуш ўртоғи Раҳима ая Жумаева ҳам узоқ йиллар ёш авлодга сабоқ берган. Ҳозирда иккаласи ҳам пенсияда бўлиб, бир нафар набираси билан бирга яшашади.
– Халқимизнинг қадриятлари бор бўлсин, – дейди Неъмат бобо. – Бугун фонд ходимлари, маҳалла фаоллари ва қўни-қўшнилар ҳашар қилишиб, хонадонимиздаги дарахтларга ва ерларга ишлов берилди. Таъмирлаш ишлари олиб борилди. Дераза ва эшиклар бўялди. Эски дераза ойналар алмаштирилиб, дарвозамиз атрофи цементланди. Бу эътибордан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Момонгиз билан доимо дуодамиз.
Тадбир якунида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва Навоий шаҳар бўлинмаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Бу каби хайрли ишлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА