Маҳаллада ижтимоий ҳимоя самараси
Бугун мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айниқса эҳтиёжманд қатлам вакилларининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу борада маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Зеро, ҳар бир инсон тақдирига яқиндан ёндашиш, унинг муаммоларини жойида ҳал этиш айнан маҳаллада амалга оширилади. Шу маънода, Бухоро вилояти Жондор туманидаги "Навгади" маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Маҳаллада бугунги кунда 6130 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Улар орасида 229 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро, 98 нафар ногиронлиги бўлган шахс ҳамда 67 та ижтимоий реестрга киритилган оила мавжуд. Бир қарашда бу рақамлар оддий статистикадек туюлиши мумкин. Аммо ҳар бир рақам ортида инсон тақдири, унинг дарди, орзуси ва умиди мужассам.

Ана шу тақдирларга бефарқ бўлмай, ҳар бир оиланинг дардига дармон бўлишга интилган инсонлардан бири — маҳалла ижтимоий ходими Муҳаббат Ҳайитова. Унинг фаолияти оддий ташрифлар билан чекланиб қолмай, балки ҳар бир ҳолатга алоҳида ёндашув, инсоний меҳр ва касбий маҳорат уйғунлигида олиб борилмоқда.

— Ижтимоий ходимлик — бу фақат вазифа эмас, — дейди Муҳаббат Ҳайитова. — Бу аввало инсон қалбини ҳис қилиш, унинг оғриғини ўзингникидек қабул қилиш демакдир. Ҳар бир хонадонга кирганингда сен нафақат муаммони, балки умидни ҳам кўришинг керак. Шу умидни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш — бизнинг асосий вазифамиз. Биз учун энг катта ютуқ — инсоннинг кўзларида умид пайдо бўлиши. Агар кимдир ўзини жамиятга керакли деб ҳис қила бошласа, демак, меҳнатимиз самара бермоқда.
Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида маҳаллада кўплаб ижобий ўзгаришларга эришилмоқда. Хусусан, 12 нафар кекса сиҳатгоҳларда соғломлаштирилиб, уларнинг саломатлиги тикланди. 25 нафар эҳтиёжманд шахс протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланди. Бу эса уларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштириб, мустақил ҳаракатланиш имкониятини кенгайтирди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ҳаётига фаол жалб этиш ҳам устувор йўналишлардан бирига айланган. Жумладан, 10 нафар фуқаронинг иш билан таъминланиши уларнинг ўз кучига бўлган ишончини оширди. Шунингдек, 12 нафар ногиронлиги бўлган шахс адаптив спорт турларига жалб қилиниб, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилашга эришилди.
Маҳаллада етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 7 нафар бола васийлик, ҳомийлик ва патронат асосида оилаларга жойлаштирилиб, меҳр-муҳаббат муҳитида тарбияланмоқда. Шунингдек, 12 нафар алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар инклюзив таълим тизимига жалб қилиниб, уларнинг тенгдошлари қаторида билим олишига шароит яратилди.

Бу эзгу ишлар самарасини инсон тақдири мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Адизжон Азимов узоқ вақт давомида соғлиғи туфайли таълимдан четда қолган эди. Ижтимоий ходимнинг ташаббуси ва кўмаги билан у инклюзив таълимга жалб этилди. Бугун у тенгдошлари билан бирга билим олиб, ҳаётга бўлган ишончи ва келажакка умиди ортмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, "Навгади" маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган ишлар шуни кўрсатмоқдаки, тизимли ёндашув, инсонийлик ва фидойилик уйғунлашганда, энг оғир ҳаётий вазиятларни ҳам енгиб ўтиш мумкин. Энг муҳими эса инсонларга умид бағишлаш, уларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида қўллаб-қувватлашдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири