“Маҳаллабай” ишлаш тизими Сурхондарёда қандай самара бермоқда?
Республика Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Сурхондарё вилоятида маҳаллабай ишлаш ҳамда ҳоким ёрдамчилари фаолиятига бағишланган икки кунлик пресс-тур ташкил этди.
Вилоят маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир Термиз шаҳридаги Гулистон маҳалласида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаси, Паттакесар маҳалласида “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида барпо этилган тикувчилик цехи билан билан танишувдан бошланди.

Воҳада аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, доимий ва қўшимча даромад манбаига эга қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида аниқ манзилга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда хатлов ўтказиб, фуқароларнинг ички имконияти ва талаб-истакларини ўрганди. Ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари” белгиланди.
Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар иштирок этган пресс-турда вилоят маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Ш.Жўраев “маҳаллабай” ишлаш тизими ва жойларда ҳоким ёрдамчилари олиб бораётган ишлар, ажратилаётган кредит маблағлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Махсус дафтарларда руйхатда турганларни ишга қабул қилганда ёки кооперация алоқалари орқали бандлиги таъминланганда тадбиркорлик субьектларига субсидиялар ажратиш тартиб-тамойилларини тушунтирди.

Пресс-тур қатнашчилари Термиз шаҳридаги Бўстон маҳалласида жойлашган “Алмаз-Аригинал” масъулияти чекланган жамиятининг хизмат кўрсатиш нуқтаси ва ҳунармандчилик марказида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди.
Тадбиркор аёл Муҳайё Жўраева гўзаллик салони, келинлар либоси каби хизмат турларини ташкил этган. Миллий ҳунармандчилик буюмлари тўқиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Ҳунармандчилик йўналишида 150 га яқин хотин-қизни кооперация асосида ишга қабул қилган. Марказда турли миллий либослар, миллий сумкалар, эркаклар тўни, дўпписи ва бошқа буюмларни тўқиш, ишлаб чиқариш, иккита дастгоҳда Бойсуннинг қадимий ва ноёб жанда матосини тўқиш ва ундан эркаклар тўнлари тикиш йўлга қўйилган. Ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси Ҳамид Эшқурбонов тавсияси билан уч нафар ҳунарманднинг уюшмага аъзолик бадалини тўлаши учун субсидия берилган. Шу мақсадда яна ўнга яқин ҳунармандга субсидия ажратиш мўлжалланмоқда.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида вилоят марказидаги “Саховат” маҳалласида фаолият юритаётган моҳир кулол Нарзулла Жўраев, “Шифокор” маҳалласида курка парваришлаш билан шуғулланаётган Баҳриддин Ўсаровни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ва натижалари ҳам барчага манзур бўлди.
Жарқўрғон туманидаги “Лойқанд” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Зокир Маҳмудов маҳаллани хатловдан ўтказаётганида хонадонларда парранда парваришлашга қизиқиш борлигини сезиб қолди. Ҳудудда жўжа очирадиган ихчам, замонавий инкубатор ясашни йўлга қўйиб, хонаки товуқчиликни ривожлантиришга бел боғлади. Қизиқиш билдирган маҳалладошларига минг донадан ортиқ тухум сиғадиган инкубаторни ишлатиш сирларини ўргата бошлади. Кооперация асосида 50 хонадонга беш мингта хонаки товуқ тарқатиб, унинг тухумидан жўжаларни кўпайтиришни жорий этди.
– Бир дона инкубатор 7 миллион 800 минг сўмдан сотилмоқда, – дейди З.Маҳмудов. – Уни ишлаб чиқариш цехида икки кишининг бандлиги таъминланган. Ҳозиргача ўзимизнинг ҳудуддан ташқари яна 11 маҳаллага инкубатор тарқатдик. Уни харид қилган оилалар икки марта жўжа очирса харажати қопланади. Кейинги очирилган жўжалар тўлиқ фойдага қолаверади. Маҳалламиздаги хонадонларда ана шу инкубаторларда очирилган жўжалар парваришланмоқда. 50 та хонадонда боқилаётган товуқнинг бир дона тухумини 2 минг 500 сўмдан сотиб олиб, инкубацияларда жўжа очиряпмиз.

Маҳаллада бўлган журналистлар ҳудудда “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида жорий этилган бу ишдан олинаётган даромадлар, одамларнинг турмуш даражасидаги ўзгаришлар билан қизиқди.
🇺🇿Meliqulova Barno Usmonovna, [21.07.2022 14:02]
Жарқўрғон тумани “Авлод” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Дилмурод Дониёров меҳмонларга дастлаб ҳудуднинг “ўсиш нуқталари” ҳақида маълумот берди.
Ҳудуддаги 338 хонадонда икки мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Маҳалла аҳли бир йилда томорқасидан уч марта ҳосил олади. Булғор қалампири, карам кўчатлари етиштириш билан шуғулланади. Шунингдек, бу маҳсулотларни ўзлари ҳам етиштириб, яхшигина қўшимча даромад топмоқда. Карам ёки булғор қалампири ҳосили йиғиб олингач, бодринг, помидор етиштиради. Кейин уруғлик маккажўхори экади. Бу йил маҳаллада 4 сотих ерда булғор қалампири парваришлаган оила биргина ана шу маҳсулотнинг ўзидан 45 миллион сўмгача даромад топди. Бунга иккинчи ва учинчи экин даромадини қўшсангиз нақд юз миллион сўмга етиб қолади. Энди 10 ёки 15 сотих ерда етиштирилган булғор қалампирининг даромадини ўзингиз чўтлаб кўринг. Ҳоким ёрдамчисининг айтишича, яхши яшаш учун маҳалла аҳли йил ўн икки ой яхши меҳнат қилишга ўрганган. Ҳозир Азамат Қулбоевнинг томорқасидаги 15 сотих ерда энг бозорбоп карам кўчатлари парваришланмоқда. Бундан ташқари у “Асилбек агрос” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, ҳудуддаги 20 сотих ташландиқ ерда иссиқхона барпо этган. Бу ерда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан буюртма олиб, дунё бозорида харидоргир карам кўчатларини етиштирмоқда. Олинаётган фойда ҳисобидан келгусида йиғиб олинган маҳсулотларни сақлаш учун ихчам замонавий совутгич ҳам қурмоқда.

“Мафтуна Шўрчи Дизайн” масъулияти чекланган жамияти тикувчиликка ихтисослашган. Жорий йилда замонавий тикув дастгоҳлари ўрнатилиб, иш бошлаган корхонада 130 дан ортиқ хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлардир. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан махсус дафтарларда рўйхатда турган аёллар бандлигини таъминлаётган корхонага субсидия берилди. Яна субсидия ажратиш учун электрон ариза тақдим этилди. Айни пайтда тикувчилар тумандаги мактаб ўқувчилари учун 42 минг дона янги мактаб формаси тикмоқда. Уларнинг ҳар бири кунлик иш ҳажмига қараб, ойига 1 миллион 500 минг сўмгача меҳнат ҳақи олаётир. Тадбиркор аёл Гулсара Тангирова келгусида иш ўринларини 350 тага етказишни режалаштирган.

Икки кун давомида пресс-тур иштирокчилари Қумқўрғон, Денов, Сариосиё ва Узун туманларида бўлиб, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларининг иш фаолияти, “маҳаллабай” ишлаш тизимининг одамларни ҳаётдан рози қилишдаги ўрни билан яқиндан танишди. Жойларда доимий ва қўшимча даромад манбаига эга бўлаётган одамлар билан дилдан суҳбатлашди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА