Маҳаллабай ишлаш тизими: амалиёт ва самара
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 15 январь куни бўлиб ўтган маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида мутасадди вазирлик, ташкилот, идора ва ҳокимликлар зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган эди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Жиззах вилояти Арнасой тумани “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Арнасой туман ҳокимлиги, прокуратураси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, “Зарафшон” МФЙга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси, маҳаллалар раис ва ходимлари иштирок этди.

Тадбирда ўндан ортиқ мурожаатларнинг ечими юзасидан атрофлича сўз юритилди.
– Президентимиз видеоселектор йиғилишида аҳоли мурожаатлари орқали жойлардаги вазиятни ўрганиб, маҳаллалар қиёфаси ва ижтимоий муҳитини яхшилаш вазифасини қўйди, – дейди туман ҳокими ўринбосари Насиба Эргашева. – Давлатимиз раҳбари бу ишларни, аввало, иқтисодий ва ижтимоий аҳволи нисбатан оғир бўлган маҳаллалардан бошлаш кераклигини кўрсатиб ўтгани сабаб, биз ҳам ишни тумандаги нисбатан шароити оғир бўлган “Зарафшон” МФЙдан ва у ердаги ёшларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этишдан бошладик. Мазкур янги – маҳаллабай ишлаш тизимининг афзалликлари шундан иборатки, маҳаллага чиқиб, у ерда аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиб, мутасадди ташкилотлар билан масалани жойида бартараф этиб, фуқароларнинг маҳаллий ҳокимликларга бўлган ишончини қозониш ва розилигига эришишдан иборат.

Очиқ мулоқот жараёнида ёшлар томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, бандлик, деҳқончилик қилиш учун ер ажратиш, ичимлик суви, йўл ҳамда моддий ёрдам каби кўтарилган мурожаатларнинг 7 таси жойида ўз ечимини топди. Мулоқот чоғида ёшлар томонидан кўтарилган мурожаатларнинг қолганлари махсус техника, иш кучи, маблағ ҳамда вақт талаб қилгани учун тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Мутасадди ташкилот раҳбарларига ижро муддати борасида аниқ сана, топшириқлар юклатилиб, ижросини назорат қилиш “Зарафшон” МФЙга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси зиммасига юклатилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА