Маҳалла ёшларига қанот бўлаётган ёшлар етакчиси
Мотивация!
Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги Фароғатли маҳалласида 6,5 минг аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1 минг 500 нафари ёшлар. Ёшлар билан манзилли ишлаш тизими маҳаллагача, оилагача кириб борган бугунги кунда “Фароғатли”да асосий эътибор ёшларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, уларни спортга, маданий-маърифий жараёнларга жалб этиш, меҳнат миграциясидан қайтган ёшлар билан ишлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда йигит-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилмоқда.

Бу жараёнларда маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Азиза Мирфайзуллаеванинг ташаббускорлиги, тиниб-тинчимаслиги, ўз вазифасига жиддий масъулият ва фидойилик билан ёндашаётгани муҳим омил бўлаётир.
Азизахон бошчилигида маҳалла ёшлари билан яқиндан ишланяпти. Уларнинг ижтимоий ҳолати чуқур таҳлил қилиниб, 1 минг 473 нафари яшил, 12 нафари сариқ ва 15 нафари қизил тоифага ажратилди. Натижада сариқ ва қизил тоифадаги ёшларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг муаммолари хонадонбай ўрганилди. Шу асосда ҳар бир ёш бўйича алоҳида иш режаси ишлаб чиқилган ҳолда зарур чоралар кўрилди.

Азизахон хорижда меҳнат қилаётган ҳамда Ватанга қайтган ёшлар билан ишлашга ҳам устувор аҳамият қаратиб келади. Улар билан индивидуал суҳбатлар ташкил этиб, юртимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятларни кенг тушунтиради. Айниқса, ёшларнинг касбий кўникмаларидан самарали фойдаланиш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, иш билан таъминлаш масалаларида жонбозлик кўрсатади. Ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини амалга оширишга кўмак бериб, тенгдошларини янги лойиҳалар сари ундайди.
Азизахоннинг айтишича, маҳалладаги назорат ва алоҳида эътибор талаб этиладиган 15 нафар ёш оталиққа олиниб, улар билан индивидуал ишлаш механизми йўлга қўйилди. Жумладан, 3 нафари Сергели тумани Ички ишлар бўлимига, 1 нафари туман ҳокимига, 2 нафари Миллий гвардия бошқармасига, 8 нафари Мудофаа ишлари бўлимига ҳамда 1 нафари туман прокуратурасига бириктирилди.

Масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида мунтазам учрашувлар ташкил этилиб, ёшларнинг муаммолари тингланади, уларни ижтимоий ҳаётга жалб этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича манзилли чоралар кўриб борилади.
Ёшлар етакчиси маҳаллада маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида маданий кечалар, концерт дастурлари, театр томошалари, шунингдек, саёҳатлар уюштиришда доим ташаббускор бўлиб келади. Давра суҳбатлари, уч авлод учрашувлари, китобхонлик кечалари, ҳуқуқий тарғибот ва мулоқотларда ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, китобхонлиги, фуқаролик масъулияти юксалтирилиши баробарида уларнинг фикр ва таклифлари ҳам тингланади.

Ёшлар билан ишлаш борасида Фароғатли маҳалласида шакллантирилган ўзига хос тажриба, тизимли, манзилли ёндашув ижобий натижаларга эришишда, ёшлар сиёсатининг амалий натижаларини намоён этишда муҳим омил бўлмоқда.
Азиза Мирфайзуллаеванинг маҳалла ёшларини қўллаб-қувватлаш йўналишидаги намунали фаолияти, эришган натижалари, Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган ҳиссаси давлат раҳбари томонидан эътироф этилди. Шу йил 29 июндаги “Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, Азиза Мирфайзуллаева «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланди.

— Фаолиятим давомида маҳалла ёшлари билан тизимли ишларни ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилишга қаратилган спорт, интеллектуал ва маданий тадбирларни мунтазам ўтказиш, “Долзарб 90 кун”, “Беш ташаббус”, “Заковат” ва бошқа лойиҳаларни самарали амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиб келяпман, — дейди Азиза Мирфайзуллаева. — Шунингдек, миграциядаги, оталиққа олинган ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан манзилли ишлаш, уларни таълим, касб-ҳунар ва бандликка йўналтириш бўйича амалий натижаларга эришяпмиз.
Маҳалла ёшларининг ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар туфайли мукофотга муносиб кўрилганимдан мамнунман. Бу эътироф маҳалламдаги ёшлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорликка қизиқиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш каби мақсадларимга янада мотивация берди. Замонавий лойиҳаларни амалга ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш учун имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланишни мақсад қилганман. Тенгдошларим ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишса, ўз устида доимий ишласа, китоб мутолааси ва билим олишни одатга айлантиришса, ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, унга интилишса, албатта, аниқ натижаларга эришади. Зеро, юртимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан фаол фойдаланиб, ташаббускор, масъулиятли ва Ватан тараққиётига ҳисса қўшадиган инсон бўлиш ҳар биримизнинг вазифамиз, бурчимиз, — дейди ёшлар етакчиси.

Дарҳақиқат, ватанпарварлик фазилатлари, ташаббускор ва етакчилиги билан тенгдошларига ҳар томонлама ўрнак бўлиб келаётган Азизахон маҳалла ёшларини қўллаб-қувватлашга бош-қош бўлмоқда. Уларни қийнаётган масалаларни ечиш, ишсиз ёшларни бўш иш ўринларига йўналтириш, касб-ҳунарли бўлишларига кўмак бериб келмоқда. Бу каби ёшларимиз эса эртанги тараққиётимизнинг асосий кучи ва таянчи бўлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА