Маҳалла раислари ислоҳотчи бўлиши керак
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида «Маҳалла ва оилани қўллаб- қувватлаш вазирлиги фаолиятига бир йил: сарҳисоб ва истиқболдаги режалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Вазирлик раҳбарияти, соҳа ходимлари ва журналистлар иштирокидаги тадбирда ўтган бир йил ичида амалга оширилган ишлар, камчилик ва ютуқлар сарҳисоб қилинди. Истиқболдаги режалар, амалга оширилиши керак бўлган ишлар муҳокама қилинди.
Вазирлик томонидан қисқа давр мобайнида аҳоли осойишталигини таъминлаш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича самарали ишлар амалга оширилган. Вазирлик маҳаллани жиноятлардан холи ҳудудга айлантиришдек муҳим ва масъулиятли вазифани ўз бўйнига олган. Хотин-қизларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш ҳам айнан вазирлик зиммасига юклатилган. Бундан билиш мумкинки, соҳа ходимларига ўтган синовли йилда ишлаш осон кечмаган.
– “Маҳалла раиси ислоҳотчи бўлиши керак”. Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари барча раисларда масъулият ҳиссини уйғотиши керак, –дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ўғилой Ўрозова. – Муаммолар юқоридан пастга қараб эмас, пастдан юқорига қараб ўрганилса, ишда самара бўлиши, натижалар ижобий кечишининг амалда гувоҳи бўлдик. Тўғри, соҳада қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Вазирлигимиз ташкил этилганлигининг дастлабки ойларидаёқ юртимизда карантин ҳолати эълон қилинди. Ходимларимиз тинимсиз ишлашга тўғри келди. Бу қисқа даврда вазирлигимиз халқнинг ишончини қозонди.
Қайд қилинганидек, вазирлик ташаббуси билан жойларда 472 та маҳалла биноси янгидан қурилиб, реконструкция қилинган. Вазирлик ҳузуридаги «Обод ва хавфсиз маҳалла» жамғармаси ҳисобидан маҳаллаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 4 миллиард 700 миллион сўм маблағ сарфланган.
Анжуманда муаммолар тингланди, журналистлар томонидан берилган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.
Дилобар Маматова, ЎзА