Маҳалла ҳаётидаги муҳим масалалар муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Руслан Жумамуратов Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Тошлоқ” ва “Қутли макон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ҳамда фаоллар билан учрашди.
Мулоқот давомида ҳудудларда аҳолини қийнаётган, маҳаллалар ривожи ва фуқаролар фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатаётган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ва қўшимча даромад манбаларини яратишда сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар алоҳида қайд этилди. Маҳалла ҳудудида томорқа ерларига ишлов бериш, экинларни парваришлаш ва ернинг унумдорлигидан тўлиқ фойдаланиш учун оқава сувга эҳтиёж юқори экани таъкидланди. Мазкур масаланинг ижобий ҳал этилиши томорқалардан унумли фойдаланиш, оилаларнинг ўзини ўзи банд қилиши, даромадларини ошириш ҳамда ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, норасмий меҳнат муносабатларини тартибга солиш ва амалдa меҳнат қилаётган фуқароларнинг бандлигини қонунийлаштириш масаласига эътибор қаратилди. Бугунги кунда айрим фуқаролар расман ишсиз сифатида қайд этилган бўлса-да, амалда ошхона, дўкон ва бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларида кунлик меҳнат билан шуғулланмоқда. Бундай ҳолат уларнинг ҳақиқий бандлигини тўлиқ ҳисобга олиш, меҳнат фаолиятини қонуний асосда юритиш ҳамда келгусида пенсия таъминоти ва бошқа ижтимоий кафолатлардан фойдаланиш имкониятларига таъсир кўрсатади. Шу боис норасмий меҳнат билан банд фуқароларни қонуний меҳнат муносабатларига жалб этиш, иш берувчилар учун расмийлаштириш жараёнларини қулайлаштириш ва фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш муҳим вазифа экани қайд этилди.
Учрашув якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида кўтарилган масалаларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш, уларнинг амалий ечимини топиш ҳамда зарур ҳолларда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш бўйича тегишли чоралар белгиланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири