“Маҳалла еттилиги” вакиллари малака оширди
“Маҳалла еттилиги”нинг асосий вазифалари нималардан иборат?, “Маҳалла еттилиги” вакиллари зиммасидаги вазифаларни самарали амалга ошириш учун нималарга эътибор қаратиши керак, уларнинг бурч ва масъулияти қандай?
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида маҳалла еттилиги вакилларининг билим ва малакасини оширишга бағишланган ўқув семинарда ана шу масалалар хусусида сўз юритилди.
Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Маҳалла – фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини, қолаверса, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш институти сифатида ҳам алоҳида мавқега эга. Шу боис ҳам маҳалланинг нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан маҳаллани халқ билан давлат ўртасида кўприк вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага, аҳолини қийнаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал қилиш, ишсизлик, жиноятчилик, оилавий ажралишларни бартараф этиш, умуман, маҳаллани обод ва нурли масканга айлантириш мақсадида "Маҳалла еттилиги" тизими яратилди. Бугунги кунда мазкур тизим томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-19139]
Семинарда Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси раисининг маслаҳатчиси Хотамжон Кетмонов, Андижон вилояти Маҳаллалар уюшмаси раиси Муҳаммаджон Нишонов, туман, шаҳар маҳалла уюшмалари раҳбарлари, Андижон тумани маҳаллаларининг “Маҳалла еттилиги” вакиллари иштирок этди.
– “Маҳалла еттилиги” фаолияти самарадорлигини ошириш кўп жиҳатдан еттилик аъзоларининг билим, малака ва иш тажрибасига боғлиқ, – дейди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раиси маслаҳатчиси Хотамжон Кетмонов. – Шу боис семинарнинг асосий мақсади, еттилик вакилларининг билим, малака ва тажрибасини оширишга қаратилди.
Шунингдек, тадбирда “Маҳалла еттилиги” вакилларининг асосий вазифалари, белгиланган ишларни самарали ташкил этиш, бу борада уларнинг масъулиятини ошириш, ҳар бир ишга сидқидилдан ёндашиш муҳимлиги, умуман, самарали натижаларга эришиш, иш ҳужжатлари тўғри юритилишини таъминлаш, илғор тажрибалардан фойдаланиш юзасидан топшириқ, таклиф ва тавсиялар берилди.
– Семинар давомида фаолиятимизни самарали юритиш бўйича кенг билим ва тушунчалар олдик, – дейди Андижон туманидаги “Март” маҳалла фуқаролар йиғини раиси М. Қамбаров. – Ишонаманки, ўрганганларимиз келгуси ишларимизни янада самарали олиб боришда қўл келади.
Очиқ мулоқот, савол-жавоб асосида ўтган семинарда Хотамжон Кетмонов иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.