«Маҳалла еттилиги» истиқболи (+видео)
Юртимизда «маҳалла еттилиги» ташкил этилганига кўп бўлмади. Қисқа вақт ичида тизимдаги ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Аввало, маҳалла фаолияти тўлиқ рақамлаштириляпти ва аввалги қоғозбозликлардан воз кечилмоқда. Солиқчи ва ижтимоий ходим маҳалла тизимига келиб қўшилиши ҳисобига 70 дан ортиқ масала шу ернинг ўзида ҳал этиладиган бўлди. Шунингдек, маҳалла раисининг ваколатлари ҳам кенгаймоқда.
Муҳими эндиликда муаммоси бор фуқаролар ҳал қилиш учун туман ва вилоят идораларига сарсон бўлиб юришмайди, барча масалалар маҳалланинг ўзида кенгашиб, жамоавий ҳал қилинади. Хуллас, ушбу “Ватан ичра ватан” деб аталмиш мўъжаз маскан жойлардаги муаммоларнинг чинакам ҳал қиладиган институтга айлантирилмоқда.
Миллий ўзлигимиз тимсоли, бетакрор қадрият ва анъаналаримиз бешиги бўлмиш маҳалла институтининг нуфузи ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамланиши, моддий-техник базасининг оширилиши ўз самарасини бера бошлади.
Ҳозирги пайтда “Маҳалла еттилиги” аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, нуроний отахон ва онахонларимизга эътибор кўрсатишда, хотин-қизлар ва ёшлар муаммолари билан ишлашда яхлит ва дунёда ўхшаши йўқ тизимга айланди.
Айниқса, ёшлар билан ишлашда, уларнинг қалбига йўл топишда, муаммолари ечимида маҳалланинг алоҳида ўрни бор. Зеро, соғлом муҳит яратилган маҳаллада турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олди олинади.
Хуллас, агарда берилаётган имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланиладиган бўлса, масалага сидқидилдан ёндошилса маҳалла еттилиги бажара олмайдиган вазифанинг ўзи қолмайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aZPR-qmFL8U" title="“Mahalla yettiligi” istiqboli" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА