Магистратурага ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган ўқитувчининг омади келмади
Бухоро давлат университетининг мактабгача таълим йўналиши бўйича магистратурага "жойлаб қўймоқчи" бўлган ўқитувчи қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси офицери катта лейтенант Муроджон Рахматуллоев ЎзАга маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, ДХХ ҳамда Миллий гвардиянинг Бухоро вилояти бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда Бухоро давлат университети мактабгача таълим кафедраси ўқитувчиси Н.Ф., фуқаро Э.Э.нинг ишончига киради. Натижада уни ваколатли танишлари орқали 2.500 АҚШ доллари эвазига университетнинг мактабгача таълим йўналиши бўйича магистратура босқичига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади.
Вилоят ҳуқуқ-тартибот ходимларининг олиб борган тезкор тадбирлар орқали 2.500 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.
Мазкур ҳолат юзасидан, Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-модда 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Зариф Комилов, ЎзА