Маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларининг меҳнати эътирофи
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов мукофотларни ўз эгаларига топширди. Таъкидланганидек, юртимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, миллий санъатимизни халқаро майдонда кенг тарғиб этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур фармонга мувофиқ, халқимиз маънавиятини юксалтириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, бой маданий меросимизни ривожлантириш ҳамда уни келажак авлодларга етказиш йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган 167 нафар соҳа вакили давлатимизнинг юксак фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди.
[gallery-29699]
Шунингдек, фармон асосида миллий маданиятимиз ва санъатимиз тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, бой ижодий мероси билан халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олган 24 нафар марҳум ижодкор давлат мукофотлари билан тақдирланди. Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт аҳлига қаратилаётган бундай юксак эътибор ижодкорлар учун катта рағбат эканини, миллий маданиятимизни янада юксалтириш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
М.Комилова, ЎзА