“Маданий меросга менинг ҳиссам!” акцияси ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Амударë туманида жойлашган милодий I–IV ҳамда IX–XI асрларга оид ноëб археологик ëдгорлик – “Чилпиқ”да “Маданий меросга менинг ҳиссам!” акцияси доирасида кенг қамровли маънавий-маърифий ва амалий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Маданий мерос бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда Амударë тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилиб, унинг асосий мақсади ҳудудимиздаги бой тарихий меросни асраб, уларни чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тарғиб қилишдан иборат бўлди.

Акция давомида иштирокчиларга “Чилпиқ” археология ëдгорлигининг келиб чиқиш тарихи, унинг ўзига хос меъморий тузилиши, қадимий даврлар ҳаëтидан дарак берувчи илмий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, ушбу ëдгорликнинг ўз даврида диний-маросимий марказ сифатида хизмат қилгани, бугунги кунда эса тарихимизнинг муҳим гувоҳи сифатида эътироф этилиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, тадбир доирасида талаба-ëшлар ва мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан ëдгорлик ҳудуди ва унинг атрофи ободонлаштирилди. Чиқиндилардан тозаланди, экологик тозаликни таъминлаш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилди. Бу эса ëшларнинг нафақат тарихга бўлган ҳурматини ошириш, балки уларни атроф-муҳитга масъулият билан қараш руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур акция ëш авлод қалбида миллий қадриятларимизга садоқат, бой тарихий меросимизга нисбатан фахр ва ифтихор туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА