Маданий мерос объектларини муҳофаза қилишда ягона ва самарали бошқарув йўлга қўйилди
2026 йил 27 июлда кучга кирган “Маданий мерос соҳасидаги давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда нималар назарда тутилган?
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалар қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишга ўз ҳиссасини қўшиб бориш жамият ҳар бир аъзосининг муҳим ва масъулиятли вазифаларидан бири ҳисобланади.
Кейинги йилларда бу борада соҳада амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар натижасида давлат бошқаруви тизими тубдан такомиллаштирилиб, ваколатли органларнинг функциялари қайта кўриб чиқилди, институционал тузилмалар оптималлаштирилди.
Ушбу соҳадаги янги қонун маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, ваколатларни аниқ белгилаш ҳамда қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга қаратилган.
Қонун 10 моддадан иборат бўлиб, Солиқ, Шаҳарсозлик, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳамда “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”, “Музейлар тўғрисида”, “Ер қаъри тўғрисида”ги қонунларга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
– Маданий мерос соҳасида давлат бошқаруви органларининг ваколатлари қандай тартибда белгиланди?
– Қонуннинг асосий мазмуни – маданий мерос соҳасида давлат бошқаруви органларининг ваколатларини аниқ ажратиш ва уларни функционал жиҳатдан ихтисослаштиришга қаратилган.
Яъни, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича ваколатлар Маданий мерос агентлигига, номоддий маданий мерос объектлари билан боғлиқ ваколатлар эса Маданият вазирлигига тегишли эканлиги қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.
Аниқроқ қилиб айтганда, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасига тегишли бўлган ўнга яқин ваколат Маданият вазирлигидан Маданий мерос агентлигига ўтказилди.
Хусусан, «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун 71-модда билан тўлдирилиб, Маданий мерос агентлигининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ваколатлари белгиланди.
Эндиликда Агентлик моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчиликка юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.
Моддий маданий мерос объектларини илмий ва илмий-техник жиҳатдан тадқиқ этиш, консервациялаш, таъмирлаш ҳамда улардан ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш бўйича давлат дастурларини амалга оширади.
Моддий маданий мерос объектларининг аниқланиши, ҳисобга олиниши, муҳофаза қилиниши, тарғиб қилиниши ва улардан фойдаланилишини таъминлайди ҳамда уларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича давлат бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритади ҳамда объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ташкил этиш ва амалга ошириш ҳамда қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
– Номоддий маданий мерос намуналарининг тарихий-маданий экспертизаси қандай амалга оширилади?
– Бу Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилиши ва амалга оширилиши белгиланди.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати – Маданий мерос объектларининг ҳолати устидан назорат кучайтирилди.
Жумладан, Маданий мерос агентлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган маданий мерос объектларининг асралиши юзасидан жорий ва истиқбол дастурларини ишлаб чиқиш мақсадида ҳар беш йилда бир марта моддий маданий мерос объектларининг ҳолатини кўрикдан ўтказиши ҳамда уларни қайд этиши шарт этиб қўйилди.
Бундан ташқари, йўқотилган моддий маданий мерос объектини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асли ҳолига келтириш тўғрисидаги қарор Агентликнинг маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси хулосаси асосидаги тақдимномасига биноан, манфаатдор органлар ва ташкилотларнинг фикри ҳисобга олинган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.
Қонун маданий мерос соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, ваколатлар тақсимотида аниқликни таъминлаш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада яхшилашга хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.