Маданий мерос - миллий ғуруримиз асоси
Шимолий-ғарбий ҳарбий округи Нукус гарнизонида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги қошидаги Маданий мерос агентлиги раҳбари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, академик Турсунали Қўзиев билан ижодий учрашув ташкил этилди.
Учрашувда академикнинг “Маданий мерос - ҳар бир инсон учун тарихий ғурур пойдеворидир” мавзсидаги қизиқарли маърузаси тингланди.
Жонажон Ватанимизнинг бой маданий мероси бугун жаҳон халқларининг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда. Қорақалпоқ халқи мисолида оладиган бўлсак, узоқ асрларга етгулик қорақалпоқ тарихи бугун археологик объектлар, қалъалар орқали жим ва сокин сўзлаб турибди.

Қўҳна қалъалар, меъморий мажмуалар, қадимий ва мўътабар зиёратгоҳлар наинки мамлакатимиз, балки жаҳоннинг турли давлатларидан келган сайёҳларнинг меҳри ва эътиборини қозонган.
Моҳир фотомусаввир, миллий меросимизнинг жонкуяр ва фидойи, заҳматкаш билимдони Турсунали Қўзиев ўз нутқида маданий меросни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказиш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтаркан, юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга масъул ҳарбий хизматчиларнинг бу борада хизматлари беқиёслигини таъкидлади. Айниқса, Қорақалпоғистон ҳудудида хизмат қилаётган ҳарбийлар билан қорақалпоқ тарихидан сўзловчи қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.
- ХХ асрдаги машҳур бир қўшиқда куйланар эди “Ватан недан бошланур?, сен ўқишни ўрганган алифбодандир”, - деди Турсунали Қўзиев.- Ватан - она тилидан бошланади. Қорақалпоқ замини жуда катта бепаён туристик салоҳият ва имкониятлар ўлкаси. Бу - нафақат минг йиллар оша бизгача етиб келган сон-саноқсиз қалъалар, афсонавий қаҳрамонлар , ҳали очиламаган тилсимлар, ўқилмаган ёзувлар, англанмаган тарихлар, қатлами неча минг йилликлардан иборат цивилизацияларнинг бепоён майдонидир.
Қизиқарли ва мазмунли ўтган суҳбат сўнггида аскарлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Н.Усмонова,
ЎзА