Президент Шавкат Мирзиёев 28 июль куни маданият ва санъат соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Айтиш керак, Ўзбекистон ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси, Бухоро замонавий санъат биенналеси каби нуфузли анжуманларга мезбонлик қилаётгани соҳа ютуғи ва режалар кўламини оширади, масъулият ҳам юклайди, албатта.Давлатимиз раҳбарига соҳада амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар хусусида маълумотлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Элмурод НАЖИМОВ ЎзА мухбирига интервью бериб, тақдимотда илгари сурилган таклиф-ташаббуслар мазмун-моҳияти, бой маданий меросимизни тарғиб этувчи лойиҳа ва режалар хусусида сўз юритди.
Сентябрь ойининг бошида старт олиб, ноябрь охирига қадар давом этадиган Бухоро биринчи замонавий санъат биенналеси 40 давлатдан 70 нафар машҳур рассомни бир нуқтага жамлайди. Мутахассис тадбирга тайёргарликнинг якуний босқичи кетаётганини таъкидлаб, анжуман истиқболи, кутилаётган натижаларга ҳам тўхталди.
Интервьюда миллий ва жаҳон санъатининг сара асарларини аҳолига чуқур етказиш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилаётгани, жумладан, концерт дастурлари, кўргазмалар ташкил этилаётгани мамлакат имижини шакллантиришда муҳим омиллар экани қайд этилди. Жамғарма ташаббуси билан ўтаётган халқаро тадбирлар хорижлик сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилади ва туризм ривожланишига туртки беради.
Креатив иқтисодиёт жамғарманинг энг муҳим лойиҳаларидан бири сифатида эътироф этиляпти. Режага кўра, келгуси беш йилда креатив иқтисодиёт ҳажмини икки карра кўпайтириш, ялпи ички маҳсулотдаги улушини беш фоизга етказиш мақсад қилинган. Элмурод Нажимов мазкур йўналишда ҳам қилинадиган ишлар ҳақида атрофлича фикр билдирди.
Видеони батафсил ЎзАнинг YouTube тармоғи орқали томоша қилишингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hoRfQAgVz6g" title="Madaniy diplomatiya – mamlakat imijini shakllantirishdagi muhim omil" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, Аброр СОДИҚОВ, Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео), ЎзА